«Реал» ҳужумчиси Карим Бензема 2021 йилнинг октябрь ойида суд олдида жавоб беради.
Франциялик футболчи ҳозирда «Олимпиакос» сафида ҳаракат қилаётган ярим ҳимоячи Матё Вальбуэнага нисбатан товламачилик қилганликда гумон қилинмоқда. Суд 20—22 октябрь оралиғида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.
Агар Бенземанинг айби исботланадиган бўлса, у ҳолда футболчини 5 йиллик қамоқ жазоси ва 75 минг евро миқдоридаги жарима кутиб турибди.
Маълумот учун, 2015 йилда номаълум шахслар Вальбуэнанинг ишқий муносабатлари тасвирланган видеони тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, ундан пул талаб қилгани маълум бўлганди. Бензема эса жиноятчилар ва Вальбуэна ўртасида воситачи бўлгани гумон қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳодиса туфайли ҳар икки футболчи Францияда ўтган Евро—2016 ва Россиядаги ЖЧ—2018 мусобақаларини ўтказиб юборганди. «Реал» форварди бир неча йилдан буён юқори спорт формасида бўлишига қарамасдан ҳамон терма жамоага чақирилмаяпти.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)