Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 8-синф ўқувчисини зўрлаган ва қизнинг ҳомиласи борлигини билгач, унга ўзини ўлдириш усулларини ўргатган фуқаро жавобгарликдан қутулиб қоладиган бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизматининг расмий муносабати маълум қилинди.
Қашқадарёдаги масъул ташкилот ахборот хизматининг ёзишича, Қамаши туманининг «Чим» маҳалласида жойлашган мактаб ўқувчиси С.С. 2019 йил 8-синфда таҳсил олаётган пайтида тенгдоши Н.Ш. билан жинсий алоқа қилиб, ҳомиладор бўлиб қолганини, жиноят содир этган шахс орадан шунча вақт ўтган бўлса ҳам жазога тортилмаганини баён қилган.
Аниқланишича, ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 6 март куни Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.Тергов давомида, Н.Ш. ижтимоий хавфли қилмиш содир этган пайтда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмагани сабаб Жиноят процсессуал кодексининг 84-моддаси 1-қисми 7-бандига кўра, айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят иши ҳаракатдан тугатилган.Демак, вилоят ИИБга кўра, шу жиноятни содир этган шахс жиноят содир этилган пайтда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлмаган ёшда бўлгани сабаб жавобгарликдан қутулиб қолади.
Қашқадарё вилоят прокуратураси ахборот хизмати раҳбари Жасур Шукуровнинг «Дарё»га маълумот беришича, вилоят прокуратураси Қамаши туман ИИБ терговчисининг дастлабки хулосаси қонунийлигини ўрганган.
«Ўрганишлар натижасига кўра, ИИБ терговчисининг дастлабки хулосаси қонуний экани маълум бўлди», — дейди Жасур Шукуров.
«Бола вояга етганидан сўнг қилмиши учун жавоб берадими ёки йўқми?», — деган саволга Қамаши туман прокурори Ҳусниддин Бобомуродов: «Йўқ, жавобгарликка тортилмайди», — дея жавоб берди.
Изоҳ (0)