Сувайш каналида саёзликка «ўтириб қолган» Ever Given контейнер ташувчи кемаси атрофидаги сув тубини қазиш ишлари бошланди, деб ёзади «РБК» Сувайш канали бошқармаси хабарига таяниб.

Сувайш каналига тиқилиб қолган Ever Given контейнер кемасининг орбитадан кўриниши. Россиянинг «Канопус В» сунъий йўлдоши томонидан олинган сурат

Фото: Telegram / @rogozin_do

Сув тубини чуқурлаштириш ишлари махсус кемалар ёрдамида контейнер ташувчи кеманинг ҳар томони бўйлаб олиб борилмоқда. Шунингдек, экскаваторлардан ҳам фойдаланилмоқда, улар кеманинг олд қисмидаги қумни олиб ташламоқда, улкан шатакчи кемалар эса уни каналнинг чуқурроқ қисмига тортиб боришга уринмоқда.

Фото: AFP

Голландиянинг SMIT компанияси мутахассислари воқеа жойига етиб келди ва мисрлик мутахассислар билан кемани чиқариб олиш йўлларини муҳокама қилди, улар техник масалалар бўйича маслаҳат бериши кутилмоқда.

Фото: EPA

23 март куни Сувайш каналига тиқилиб қолган кема ушбу канал орқали ҳаракатни бутунлай тўхтатиб қўйди. Дастлаб кемалар қатнайдиган йўлни очишга икки-уч кун кетиши тахмин қилинган эди. Аммо мутахассислари айни пайтда Ever Given’ни саёзликдан чиқариб олишга уринаётган Boskalis компанияси раҳбари Питер Бердовски айтишича, бунга ҳафталаб вақт кетиши мумкин. «Эҳтимол, кемадан контейнерларни, ёқилғи ва сувни олиш, шатакчилардан фойдаланиш ва қумни ювиб юбориш каби бир неча хил усулларни биргаликда қўллашга тўғри келар», — деган у.

Фото: EPA

Айни пайтда Сувайш каналида кемалар ҳаракати тўхтаб қолгани туфайли, йирик тирбандлик юзага келди. Норвегия кема эгалари уюшмаси маълумотларига кўра, Сувайш канали ҳудудида жами 150 та кеманинг ҳаракати тўсилиб қолган.

Фото: EPA

Ушбу каналга дунё юкларининг қарийб 12 фоизи тўғри келади, у Ўрта Ер денгизини Қизил денгиз билан боғлайди ҳамда Осиё ва Европа ўртасидаги энг қисқа денгиз қатновини таъминлайди.

Фото: EPA

Айни пайтда Сувайш каналининг тўсилиб қолиши оқибатидаги талафот кунига 9,5 миллиард долларга тушмоқда: экспертлар огоҳлантиришича, каналга тиқилиб қолган юк кемаси кунига 9,5 миллиард долларлик юклар, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва нефть етказиб берилишига тўсқинлик қилмоқда.

Фото: EPA

Bloomberg агентлиги хабарига кўра эса, каналдаги тирбандликда қолиб кетган юклар, шу жумладан, нефть, нархи аллақачон 10 миллиард долларга етган. Шунингдек, 12 метрли контейнерни Хитойдан Европага етказиб бериш қиймати 8 минг долларгача ўсган, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб тўрт марта қиммат демакдир.

Фото: EPA

Эслатиб ўтамиз, кема ҳалокати орқали канал бўйлаб ҳаракатланиш тўсиб қўйилгандан сўнг, нефть нархи кескин кўтарилган эди.

https://twitter.com/NHKWORLD_News/status/1375045623334965248