Хитойдан Нидерландияга йўл олган контейнерларни ташувчи энг йирик кемалардан бири Ever Given 24 мартга ўтар кечаси Сувайш каналига тиқилиб қолди. 400 метрлик кемани каналдан олиб чиқиш ҳаракатлари бесамар кетмоқда, деб ёзади Reuters.
Ҳозирда мазкур кема туфайли Осиё ва Европани боғловчи, қолаверса юк кемалари билан доимий гавжум бўладиган канал бўйлаб ҳар икки йўналишда ҳам ҳаракатланиш тўсилиб қолган. Натижада денгиз кемалари трибандлиги ҳосил бўлган. Таъкидланишича, кемалар сафи Ҳиндистонгача чўзилган.
GAS денгиз хизматлари фирмасининг айтишича, кемани буксир (шатакчи кема) ёрдамида жойидан силжитиш ишлари давом этмоқда, аммо кеманинг йирик ҳажми ва шамол тезлиги операцияни амалга оширишга халал бермоқда.
Кемаларни кузатиш дастурий таъминоти кўрсатишича, сўнгги бир неча соат ичида кемани сувдан тортиб олиш учун бир қатор буксирлар жалб қилинганига қарамай, Ever Given ўз жойидан «қўзғалмаган».
City А.М. нашрининг хабар беришича, кема ҳалокати орқали канал бўйлаб ҳаракатланиш тўсиб қўйилгандан сўнг, нефть нархи кескин кўтарилган.
24 март куни Brent нефтининг нархи 5,77 фоизга ўсиб, бир баррель учун 64,3 долларни ташкил этди. Техас штатидаги WTI (West Texas Intermediate ) нефтининг май ойи фьючерслари нархи 24 соат ичида 5,14 фоизга ўсиб, бир баррель учун 60,73 долларни ташкил этди. Каналнинг тўсиб қўйилиши сабабли нефть етказиб беришдаги узлиш тўғрисидаги хабарлардан сўнг нефть нархидаги ўсиш сезиларли даражада тезлашди.
«Тиқилиб қолган кема каналда бир неча кун қолиб кетиши мумкин, деган хавотирда нефтнинг нархи кўтарилди», — дейди ОANDА бозорининг бош таҳлилчиси Эдвард Моя.
Лондондаги акциялар нархи энг барқарор бўлиб қолган, чунки нефть ва мис нархлари ўсиши BP, Royal Dutch Shell, Rio Tinto, Glencore va Anglo American компаниялари томонидан қўллаб-қувватланган.
Маълумот учун, айни пайтда Сувайш каналида 10 миллион баррель нефть ва нефть маҳсулотлари ортилган кемалар ҳаракати тўхтаб қолган. Сувайш канали жаҳон денгиз савдосининг тахминан 10 фоизини ташкил қилади. Каналдан кунига тахминан 50 та кема ўтади.
Турли хил тахминларга кўра, кема ҳалокатига ноқулай об-ҳаво шароити, қум бўрони ёки электр энергиясининг узилиши сабаб бўлган. Айни пайтда қутқарув операцияси олиб борилмоқда, бу бир неча кун давом этиши мумкин. Таъкидланишича, Ever Given кемаси жойидан кўчирилган заҳоти каналдаги кемалар ҳаракати тикланади.
Изоҳ (0)