Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 24 март куни туркман шоири Махтумқули Фироғий хотирасига қурилаётган 60 метрлик ёдгорликни кўздан кечириш учун Ашхобод жанубига ташриф буюрди. Шунингдек, давлат раҳбари қурилаётган сув иншоотларини ҳам текширди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.
Иш жараёни ҳақида қурилиш-саноат мажмуаси вазирининг ўринбосари Шомуҳаммет Дурдилиев ҳисобот берди.
Бош вазир ўринбосари Махтумқули ёдгорлиги ўрнатиладиган ҳудудни ободонлаштириш ҳақида маълумот берди, президент эса ҳайкал, ҳудуддаги чироқ симёғочлари, скамейкалар ва чиқинди идишлари, шунингдек, ёдгорликка олиб чиқувчи зинапоялар дизайнини тасдиқлади.
Кейин Бердимуҳамедовга узунлиги 52 километрни ташкил қиладиган сув иншоотлари лойиҳаси тақдим этилди. Улар шимолда Қорақум дарёсигача етказилади. Лой ва қуйқа сувлар каналга «Алтйн асйр» туркман кўли орқали оқиб чиқади.
Туркманистон Давлат ахборот агентлигининг таъкидлашича, қурилиш ишларида 900 та техника ишлаяпти, уларнинг 100 таси «Возрозҳдениэ» АЖ қурилиш компаниясига, 800 таси жисмоний шахсларга тегишли.
Президентга сув иншоотлари, уларнинг йўналиши ва сув-насос мажмуасидаги жойлашув тизимининг чизмалари тақдим қилинди. Дурдилиевнинг хабар беришича, сел каналлари бўйлаб аралашмаларни майдалаш, фильтрлаш ва тоза сув олиш учун мўлжалланган катта ҳажмдаги 10 та сув омбори қурилади.
Кейин архитектура ва қурилиш вазири Рахим Гандимов тошқиндан ҳимоя қилувчи иншоотларнинг қурилиш ҳолати, уларни жойлаштириш тизимлари ва сув насослари қуввати тўғрисида, Ашхобод мери Язтаган Гилиджов эса ҳудудни ободонлаштириш тўғрисида маълумот берди.
Ашхобод ҳар йили кучли ёмғир пайтида сел ва тошқинлардан азият чекади. Шаҳар маъмурияти муаммони ўзи ҳал қилишга уринди ва 2018 йилда пойтахтда катта ҳажмдаги канализация қуришни бошлади. Лекин 2019 йил февраль ойида президент пойтахт канализация тизимининг ишидан норозилигини билдирди.
2019 йилнинг декабрь ойида Гурбангули Бердимуҳамедовга «Возрозҳдениэ» АЖ раҳбари Игор Букато тошқинларнинг сув иншоотлари лойиҳасини тақдим этди. Унинг қурилиш ишлари 2020 йилнинг март ойида бошланиши керак эди, лекин бу вақтда эмас, балки июлда бошланди. Энди қурилиш ишлари 2022 йилнинг сентябрь ойида якунига етади.
Аввалроқ Гурбангули Бердимуҳамедов 22 март куни Туркманистон президентининг Ахалтекин от мажмуасига ташриф буюргани ҳақида хабар берилди. Мажмуада давлат раҳбарига парвариши билан ўзи шуғулланган Акхан отидан биринчи тойчоқ туғилгани ҳақида «хушхабар» етказилди.
Шунингдек, Туркманистон бўйлаб 20 март куни баҳорги кўкаламзорлаштириш ҳашари ўтказилди. Ашхободдаги ҳашарда президент Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди.
Изоҳ (0)