Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 23 мартдан икки ҳафта муддатга карантинга ёпилди, дея хабар бермоқда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.

Фото: Google Photos

Хабарни университет матбуот хизмати ҳам тасдиқлаган. Унда маълум қилинишича, университетнинг иккала биноси, жумладан, синф хоналари, лабораториялар, кутубхона, ошхоналар, йўлаклар, заллар, зинапоялар, лифтлар ва бошқа жойлар тўлиқ дезинфекция қилинган.

Қайд этилишича, бир нафар талабада коронавирус аниқланган.

Бундан аввал Тошкентда коронавирусга чалиниш ҳолатлари, асосан, ўқувчилар, талабалар ва ташкилот ходимлари орасида кўпайгани маълум қилинганди. Хусусан, Тошкентдаги 77 та мактабда ўқувчилар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган, 117-сонли боғчада икки нафар тарбиячи ва болаларда коронавирус аниқлангани сабаб мазкур боғча вақтинча ёпилди.