Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида жойлашган мактабларнинг бирида зиёфат уюштирган директор ва унинг ўринбосарлари ишдан кетди, деб хабар беради туман Халқ таълими бўлими.

Маълум қилинишича, 19 март куни Чироқчи тумани халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактаби директори П.А. бошчилигида мактаб жамоаси Наврўз байрамини нишонлаш мақсадида жамоа розилиги билан 50 минг сўмдан пул йиғган. Жамоат байрамни ўзлари фаолият олиб бораётган таълим муассасасида уюштиришга қарор қилган.

Наврўз байрами муносабати билан мактаб фоесида ташкил этилган зиёфат дастурхонида спиртли ичимликлар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Халқ таълими бўлими мудири бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари 20 март куни мактабда бўлган ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида мактабга борган. Таъкидланишича, директор ва унинг ўринбосарлари қилган ишларидан изза бўлиб, ўз хоҳишларига кўра, эгаллаб турган лавозимларидан озод қилишини сўраб ариза ёзган.

Аввалроқ Бухорода ОАВга нотўғри маълумот берган мактаб директори ўз аризасига кўра ишдан бўшагани тўғрисида хабар берилганди.