Япониянинг Mitsubishi Heavy Industries компанияси беш йил ичида Ф-2 қирувчи-бомбардимончилар ўрнини босувчи янги авлод ҳарбий самолётларини ишлаб чиқмоқчи ва қурмоқчи. Бу ҳақда NHK телеканалига асосланиб «Korrespondent.net» хабар берди.
Таъкидланишича, лойиҳа устида 500 га яқин мутахассис иш олиб боради. Улар асосан Mitsubishi Heavy Industries, шунингдек, двигатель ва радарлар ишланмаси билан шуғулланувчи бошқа Япония компаниялари ходимлари ҳисобланади.
Режага кўра, янги ҳаво кемаси прототипи 2027 йилгача қурилади ва дарҳол синов парвозлари амалга оширилади. 2031 йилгача эса компания бу техникани кенг кўламда ишлаб чиқаришни бошлайди.
ОАВ маълумотларига кўра, лойиҳа 14 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Шунингдек, Япония 2035 йилда водород ёқилғисини ишлаб чиқарувчи завод қуришни режалаштирмоқда. Завод муз конлари жойлашган Жанубий қутб ҳудудида қурилади. У ерда ёқилғи, шунингдек, кислород ва водород ҳам ишлаб чиқарилади. Водороддан Ой бўйлаб, Ер орбитаси ҳамда Ой яқинидаги космик станция ўртасида ҳаракатланиш учун ёқилғи сифатида фойдаланилади.
Изоҳ (0)