Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида 1- ва 7-синфда таҳсил олувчи ака-укалар қўшниси томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 13 март куни ижтимоий тармоқларда Пайариқ туманида яшовчи икки нафар боланинг қидирилаётгани хабар берилган. Маълумотда қидирувга берилган болаларнинг тумандаги 6-мактаб ўқувчилари эканлиги, 13 март куни соат, тахминан, 13:30 уйидан «мактабга кетамиз», деб чиқиб кетган ва уйга қайтмагани айтилган.

Таъкидланишича, қидирувга берилган болалар искович итлар ёрдамида ён қўшнисининг уйидан ўлик ҳолда топилган. Болаларини бу ҳолда кўрган ота-онанинг тоби қочиб, шифохонага ётқизилган.

«Дарё» мухбирининг аниқлик киритишича, болаларни 27 ёшли қўшни аёл ўлдирган. Болалар нима сабабдан ўлдирганлиги ҳозирча номаълум.

Самарқанд вилоят прокуратурасининг «Дарё»га маълум қилишича, болаларни қасддан ўлдирган аёл ушланган.

Прокуратурага кўра, 2021 йил 14 март куни Пайариқ тумани «Алишер Навоий» маҳалласида яшовчи М.Т. прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, 2021 йил 13 март куни вояга етмаган фарзандлари яшаш уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолганлигини ва уларни топишда амалий ёрдам берилишини сўраган.

Мурожаат юзасидан прокуратура ходимлари ҳодиса жойига чиқиб, тезкор қидирув тадбирларини олиб борган. Натижада маҳалладаги ҳовлидан вояга етмаганларнинг мурдасини ёқиб юборилган ҳолда топилган.

Аниқланишича, 2021 йил 13 март куни О.Т. таниши М.Т.нинг яшаш уйига яширин равишда ўғриликка кириб, хонадонда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, пул ва қимматли буюмларни қидираётган вақтида М.Т.нинг фарзандлари мактабдан уйга қайтиб, унинг содир этаётган жиноятига гувоҳ бўлиб қолган. Шу сабабли О.Т. ўз жиноятини яшириш ва вояга етмаганларни қасддан ўлдириш мақсадида турли баҳоналар билан алдаб, ўзининг яшаш хонадонига олиб бориб, ҳовлиси ўртасида турган ер ағдариш учун мўлжалланган белкурак билан дастлаб А.Т.нинг бош ва бўйин қисмига зарб билан уриб, тан жароҳати етказган. А.Т.га ёрдам бериш учун етиб келган акаси С.Т.ни ҳам ушбу белкурак билан бош ва бўйин қисмига уриб, тан жароҳати етказиб уларни қасддан ўлдирган.

Шундан сўнг О.Т. ушбу қотиллик жиноятини яшириш мақсадида вояга етмаганларнинг мурдасини ҳовлисидаги ўзи қазиган ярим метрлик чуқурга ташлаб, ғўзапоя ва ёғоч тахталар билан таналарини ёқиб, мурда қолдиқларини кўмиб қўйган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, марҳум вояга етмаган С.Т.нинг ўлими орқа мияни калла асоси ва биринчи бўйин умуртқаси оралиғидан узилиши, орқа миянинг лат ейиши, марҳум вояга етмаган А.Т.нинг ўлими эса калла асос ва гумбаз суякларининг синиши, бош мия пардалари остига ва тўқимасига қон қуйилиши, бош миянинг лат ейиши оқибатида келиб чиққанлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «ж», «о» бандлари (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Т. ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланган ҳолда ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган ва бу ҳақда гумон қилинувчининг яқин қариндошига телефон орқали хабар қилинган.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови эса вилоят прокурори томонидан назоратга олинган.