Ўзбекистон мактабларида баҳорги таътил 20 мартдан бошланади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 20 март — шанба куни барча ходимлар учун иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, дам олиш куни ҳисобланади.
«Шу муносабат билан 2021 йил 20 март 2020/2021-ўқув йили баҳорги таътилининг биринчи куни ҳисобланади. Баҳорги таътил 20 мартдан 28 мартгача давом этади. 2021 йил 29 мартдан ўқув йилининг 4-чораги бошланади», — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, 2021 йил 20 март куни юқори синфларга белгиланган дарс соатлари 4-чоракда тиғизлашган ҳолда ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилги Наврўз байрамида иш ҳафтасининг давомийлигидан қатъи назар, барча ходимлар кетма-кет 3 кун дам олади.
Изоҳ (0)