АҚШнинг Фримонт шарида (Калифорния штати) электромобиль ишлаб чиқарувчи Tesla заводида ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда KRON4 телеканали ва Reuters нашрига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: AP Photo

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин заводнинг қурилиш ишлари олиб борилаётга қисмида содир бўлди, воқеа жойига ўт ўчирувчилар чақирилди.

Телеканалнинг хабар беришича, Tesla ходимлари оловни қум билан ўчиришга ҳаракат қилмоқда.

Кейинчалик CBS SF телеканали ўт ўчириш хизмати вакилига асосланиб маълумот беришича, ёнғин штампловчи ускунанинг ичида суюқ алюминийнинг гидравлик суюқлик билан қоришиб кетгани сабабли келиб чиққан. Маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ, ёнғин назоратга олинган.

Бу Фримонтдаги заводда содир бўлган биринчи ёнғин эмас. Бунгача 2018 йилнинг август ойида ҳам ёнғин содир бўлган. Ўшанда Tesla раҳбари Илон Маск ангарлардан бирида қайта ишлашга тайёрланган картон ёниб кетгани, шунингдек, ҳеч ким жабр кўрмагани ва заводга ҳеч қандай зарар етмаганини айтган эди.

Аввал ҳам Американинг Флорида штатида жойлашган SpaceX компаниясига тегишли майдонда ёнғин содир бўлган эди.