Қирғизистон президенти Садир Жапаров расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши ҳақида хабар берилган, аммо ташриф қачон бўлиб ўтишига аниқлик киритилмаганди. «AКИpress»нинг Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаевга таяниб маълум қилишича, ташриф, тахминан, 11—12 март кунларига режалаштирилган.

Фото: «AКИpress»

Унинг айтишича бошқа кўплаб давлатлар раҳбарларидан таклифлар келиб тушган.

«Президент ўз чиқишида илк ташрифларни қўшни давлатлар — Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Хитойга амалга оширмоқчилигини билдирган», — дейилади хабарда.

Унинг қўшимча қилишича, ташрифлар графиги Ўзбекистонга ташрифдан кейин тузиб чиқилади. Садир Жапаров Қирғизистон президенти сифатидаги илк расмий ташрифи 24 февраль куни Россияга бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 22 февраль куни Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниёзалиев ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев иштирокидаги видеоконференцалоқада ташрифга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари муҳокама қилинганди.

27 февраль куни Абдулазиз Комилов Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашиб, унга Шавкат Мирзиёев мактубини топширганди.