Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов (29-0) блогер ва MMA жангчиси Магомед Исмаилов билан бўлган суҳбатда Тони Фергюсон ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
— Ҳабиб, ҳар бир жангингдан кейин айрим мухлислар ғалабангни тан олмайди ва муносиб жангчи билан курашмаганингни айтади. Масалан, Гэтжи билан бўлган жангдан кейин ҳам «келишилган жанг» ва шунга ўхшаш гап-сўзлар қилинди. Айтчи, ўша тоифа мухлислар тан олиши учун қайси рақибга қарши чиқишинг ва уни мағлуб этишинг керак? Яъни, ўша дивизионда тенги йўқ эканингни ҳамма тан олиши учун кимни енгишинг керак эди?
— Балки, бу Тони Фергюсондир. Аммо қасам ичаман, мен уни ҳеч қачон юқори даражадаги жангчи деб ҳисобламаганман. У жуда яхши ҳаракат қилган, бироқ мен уни ҳеч қачон топ-жангчи деб билмаганман.
Ҳеч қачон 37 ёшда енгил вазн тоифасида энг яхшилардан бўлолмайсан. Буни шу кунгача ҳеч ким уддалай олмаган ва бу Ҳабибнинг ҳам қўлидан келмайди. Бу фикримни ҳеч ким ўзгартира олмайди.
2016 йилдан бери у Кевин Ли, Эдсон Барбоза, Энтони Петтис ва Дональд Серроне билан жанг қилди. Ортда қолган тўрт йил ичида бу 4 нафар жангчида умумий миқдорда 20 та мағлубият бор. У сўнгги беш йилда яхши рақиб билан жанг қилмади, ҳозир эса Тони ёш ва топ-даражадаги жангчилар — Чарльз Oliveйра ҳамда Жастин Гэтжи билан тўқнаш келди. Улар эса Тонини худди мактаб боласидек масаласини ҳал қилиб қўйди. Ҳар икки жангда ҳам унинг рақиблари мутлақ устунлик билан ғалаба қозонди.
У билан қандай тўқнаш келсам экан деб жуда кўп ўйлардим, буни орзу қилардим. Гап-сўзларсиз масалани жангда ҳал қилишни истардим. Бироқ яратган буни хоҳламади. Гоҳ мен касалхонада ўлим ёқасига келиб қолдим, гоҳида у операцияни бошдан кечирди. Хуллас, тақдирга битилмаган бўлса, сен унга қарши боролмайсан.
Бу сен назарда тутаётган жанг бўлиши мумкин эди. Бироқ шу билан бирга унга қарши жангимдаги яққол устунликдан кейин яна ўша гап-сўзлар бўларди. У туриб жанг қилишда ҳам менга ҳеч нарса қила олмасди, партерга эса худди музда тойгандек кириб кетардим, — дейди Ҳабиб.
Эслатиб ўтамиз, Ҳабиб ва Фергюсон ўртасидаги жанг турли сабабларга кўра беш марта бекор қилинганди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)