Facebook ва Австралия раҳбарлари мамлакатда ижтимоий тармоқнинг тўлиқ фаолиятини тиклаш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Австралиянинг молия вазири Жош Фрайденберг берган маълумотга таяниб, Reuters хабар берди.

Фото: Google Images

Австралия ҳукумати Facebook, Google ва бошқа платформалар ўзларининг янгиликларга оид контенти учун ОАВ сайтларига пул тўлаши ҳақида қабул қилинадиган қонунга Facebook’нинг фаолият тартибига тегишли тўртта ўзгартириш киритишни таклиф қилди. Шартнома Фрайденберг ва Facebook раҳбари Марк Цукерберг ўртасида ўтган ҳафта охирида ўтказилган музокаралардан сўнг тузилди.

Австралия расмиялари қонунга киритиш режалаштирилган тузатишлар, шунингдек, қонун кучга киргандан сўнг рақамли платформаларнинг ушбу қонунга риоя қилиши кераклиги тўғрисида бир ой олдин хабар беради.

Қарорни қабул қилишда расмийлар платформа Австралия ОАВ билан шартномалар тузиш орқали «Австралия янгиликлар саноатининг барқарорлигига катта ҳисса қўшганми» ёки йўқлигини ҳисобга олиши керак. Бундан ташқари, ўзгартиришлар давлат томонидан тайинланган ҳакамнинг аралашувидан олдин платформа ва медиа-компания ўртасида икки ойлик воситачилик муддатини назарда тутади.

Facebook’нинг янгиликлар ташкилотлари билан алоқалар бўйича вице-президенти Кэмпбелл Брауннинг айтишича, компания бир неча кун ичида Австралияга оид янгиликлар таркибини тиклайди.

Эслатиб ўтамиз, 18 февраль куни Facebook ижтимоий тармоғи австралиялик фойдаланувчилар ва оммавий ахборот воситаларини тармоқда маҳаллий ва халқаро янгиликларни улашиш имкониятидан маҳрум қилган эди. Бунга қабул қилиниши кутилаётган қонун сабабчи бўлган, унга кўра, янгиликлар улашилган тақдирда Facebook, Google ва бошқа платформалар ўз контентлари учун ОАВга пул тўлаши керак.

Австралияда платформаларга медиа-контент учун ОАВга пул тўлаш мажбуриятини юклайдиган қонун тез орада қабул қилиниши кутилмоқда.

Аввалроқ Facebook ижтимоий тармоғи сиёсий реклама тақиқлангани сабабли коронавирусга қарши эмлашнинг афзалликлари тўғрисидаги пуллик постларни блоклаётгани ҳақида хабар берилганди. Хабарга кўра, ижтимоий тармоқ алгоритмлари эмлаш марказлари, шунингдек, вакцинанинг таъсир механизмлари тўғрисидаги пуллик постларни тармоқдан олиб ташлайди. Бундай постлар камида 110 та гуруҳда блокланган — мазкур ҳолат алгоритмларнинг бу каби рекламаларни сиёсий деб ҳисоблаши билан боғлиқ.