Швеция ҳукумати COVID-19 касаллиги тарқалишининг олдини олиш учун ўрнатилган чекловларни 7 мартга қадар узайтирди. Бу ҳақда бош вазир Стефан Лёвен 18 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар қилмоқда «Известия».

Фото: AP Photo

«Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида COVID-19 билан касалланганларнинг сони кўпаймоқда. Соғлиқни сақлаш агентлиги учинчи тўлқин хавфи мавжудлигини тахмин қилмоқда. Биз буни жиддий қабул қилишимиз керак», — дейди Стефан Лёвен.

Қайд этилишича, мамлакатда спорт заллари, сузиш ҳавзалари ва музейлар ёпиқ қолади. Бош вазир барча иш берувчиларни ходимларга уйда ишлаши учун рухсат беришга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Швеция ҳукумати 18 декабрь куни коронавирус туфайли чекловлар жорий қилди. Шу кундан бошлаб тиғиз соатларда транспортда ниқоб тақиш шарт ҳисобланади. 24 декабрдан бошлаб спиртли ичимликларни маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан кейин сотиш тақиқланган, дўконларда харидорлар, савдо марказларига ва спорт залларига ташриф буюрувчилар сони чекланган.

Нашрнинг таъкидлашича, Швецияда коронавируснинг иккинчи тўлқини 2020 йилнинг декабрь ойи охирида авжига чиққан.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Швецияда коронавирус билан касалланган сони 622 102 кишига етган. Беморларнинг 12 569 нафари вафот этган.

Бундан аввал Германия ҳам карантин чекловларини 7 мартгача узайтиргани, Италияда коронавируснинг янги штамми туфайли чекловлар кучайтирилгани ҳамда Туркия ва Швейцарияда март ойидан бошлаб COVID-19 чекловлари юмшатилиши ҳақида хабар берилганди.