Навоий вилоятида маст ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti ЙПХ маскани олдида йўл-транспорт ҳодисасига учраб, ёниб кетди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 17 февраль куни соат 21:30 ларда Кармана туманидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг 147-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Маст ҳолда бўлган 52 ёшли Lacetti ҳайдовчиси «Самарқанд» ЙПХ пости яқинида бошқарувни йўқотган ва масканга кириш жойида ўрнатилган, бўлакларни ажратувчи тўсиққа урилган.
Тўқнашув оқибатида автомобилнинг мотор бўлмасида ёнғин келиб чиққан ва автомобиль буткул ёниб кетган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Кармана тумани ИИБ ЙҲХБ ва ФВБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қирғизистон фуқароси бошқарувида бўлган Toyota Бектемир пости яқинида Lacetti ва бетон тўсиққа урилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)