Жо Байден маъмурияти камбағал мамлакатлар учун коронавирусга қарши эмлаш дастурига 4 миллиард доллар ажратади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Фото: Reuters

Хабарга кўра, дунёнинг етти ривожланган давлатлари гуруҳи саммитида АҚШ президенти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бошчилигидаги халқаро COVAX дастурига зудлик билан 2 миллиард доллар ажратиш режалари ҳақида маълум қилган.

«COVID-19 ҳеч бир миллат пандемия қаршисида якка ўзи кураша олмаслигини кўрсатди», — дейилади Байден маъмуриятининг пресс-релизида. АҚШ Конгресси ажратилаётган маблағни маъқуллаган.

«Вакциналарни етарлича олганимиздан сўнг ортиқчасини ночор мамлакатларга ҳадя этиш масаласини сўзсиз кўриб чиқмоқчимиз. Бу вирус тарқалишига чек қўйишнинг ягона усули», — деди амалдорлардан бири.

Келгуси икки йил ичида АҚШ қолган 2 миллиард долларни бериши кутилмоқда.

Маълумот учун COVAX — коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқариш ва марказлашган ҳолда сотиб олиш дастури. Дастур давлатлар ва ишлаб чиқарувчилар ҳамкорликда вакциналарни бой ва камбағал мамлакатларга тақдим этишини таъминлаш учун фаолият юритади.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Танзанияга COVID-19’га қарши курашиш учун 27 миллион евро ажратган эди. Бироқ маблағни олгач, расмийлар мамлакатни коронавирусдан холи деб эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ COVAX дастури муваффақиятсизликка учраса, паст даромадли мамлакатлар камида 2024 йилгача вакцинасиз қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.