Профессионал бокснинг енгил вазн (-61,2 кг) тоифасида ҳаракат қилиб келаётган ўзбекистонлик Элнур Абдураимов (6-0, 6 КО) 14 февраль тонгида жанг қилмайдиган бўлди.
Аввалроқ Абдураимов ўзининг навбатдаги жангини Тошкент вақти билан 14 февраль куни АҚШнинг Индио шаҳрида ўтказиши ва Элнурга колумбиялик 39 ёшли боксчи Дейви Хулио (21-9, 13 КО) рақиблик қилиши ҳақида хабар берилганди. «Sports.uz»нинг ёзишича, жангнинг бекор бўлишига Хулионинг белгиланган муддатда комиссия тасдиғидан ўта олмаганлиги сабаб бўлган.
Маълумот учун, мазкур бокс оқшомида яна бир ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев (6-0, 5 КО) маҳаллий боксчи Морган Фитчга (19-4-1, 8 КО) қарши жанг қилади.
Абдураимов охирни жангини 2020 йилнинг 13 декабрида ўтказган ва унда мексикалик 22 ёшли боксчи Абраҳам Оливани (4-1, 3 КО) биринчи раунддаёқ нокаутга учратганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)