Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 12 август куни Ҳиндистон Исломободга тегишли “бир томчи сувни ҳам” тортиб олишига йўл қўймаслигини айтди. Бу ҳақда Тhе Economic Times хабар берди.

Тегишли баёнот икки қўшни давлат ўртасидаги кескинлик фонида эълон қилинмоқда. Шарифнинг сўзларига кўра, агар Ҳиндистон сув оқимини тўсишга уринса, “шундай сабоқ бериладики, ҳиндлар қулоқларини ушлаб қолади”.
“Мен бугун душманга шуни айтмоқчиман: Агар сиз бизнинг сувимизни тўсиб қўйиш билан таҳдид қилсангиз, шуни ёдда тутингки, Покистоннинг бир томчи сувини ҳам тортиб ололмайсиз. Агар бундай ишга қўл урсангиз, сизларга шундай сабоқ берамизки, қулоғингизни ушлаб қоласиз”, деб огоҳлантирди Покистон Бош вазири.
Икки қўшни давлат ўртасидаги зиддият 22 апрелдаги Паҳалгам воқеаларидан кейин кучайган эди. Ушбу ҳужумда 26 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ортидан Ҳиндистон Покистонга қарши бир қатор чоралар кўрган. Жумладан, 1960 йилда имзоланган “Ҳинд сув келишуви” тўхтатиб қўйилган эди.
Покистон бу келишувга аралашиш ёки сувни тўсишга уринишни “уруш эълони” сифатида баҳолаган. Собиқ ташқи ишлар вазири Билавал Бутто Зардорий ҳам келишувнинг тўхтатилишини “Ҳинд водийси цивилизациясига ҳужум” деб атаб, Деҳли урушга мажбур қилса, миллат ортга чекинмаслигини билдирганди. Покистон армияси бош қўмондони Асим Мунир ҳам Ҳиндистон сув оқимини тўсиш учун тўғон қуришга ҳаракат қилса, уни вайрон қилишга тайёр эканини айтган.
“Ҳинд дарёси ҳиндларнинг шахсий мулки эмас. Уни тўсиш режаларини барбод қилиш учун бизда етарли имкониятлар бор”, деди Мунир.
Маълумот ўрнида, Ҳиндистон 7 май куни Покистонга қарши “Синдур операцияси”ни бошлаган эди. Бу амалиёт Покистон ва баҳсли Кашмир ҳудудидаги террор инфратузилмасига қаратилган бўлиб, 22 апрелдаги Паҳалгам воқеасига жавоб сифатида ўтказилган. Шундан сўнг икки давлат 10 май куни 4 кун давом этган ракета зарбаларидан кейин урушни тугатиш бўйича келишувга эришган.
Изоҳ (0)