Олтой ўлкаси — қушлар қиш мавсумида ҳам қоладиган Россиядаги ягона ҳудуд ҳисобланади. Оққушлар ҳар йили музламайдиган Олтой кўлларига қишлаш учун учиб келади. Шу сабабли 1970 йилда оққушларни ҳимоя қилиш мақсадида Олтой тоғ ёнбағрида табиат қўриқхонаси ташкил этилган.
Олтой ўлкасида -40 даражали совуқда ҳам музламайдиган кўллар бор. Булоқ сувлари туфайли йилнинг ҳар қандай даврида сув ҳарорати 4-6 даража илиқ бўлади. Бу эса қушлар учун қулай муҳит яратади.
Дастлабки йилларда бу ерда 10 дан ортиқ қуш қишлаган. Ҳозирда эса ҳар қиш мавсумида кўлда юзлаб оққушлар, минглаб ўрдаклар қишлайди. Қушлар қўриқхона ходимлари томонидан озиқлантирилади, браконьерлардан ҳимоя қилинади.
Оққуш кўли — Олтой ўлкасининг ташриф қоғози бўлиб, туристларнинг кўп қисми айнан қушларни томоша қилиш учун бу ерга келади. Улар бу қушлар омад олиб келади, деб ҳисоблайди.
Қизиқарли маълумот:
- Оққушлар гўзаллиги ҳамда узоқ умр кўриши билан бошқа қушлардан фарқ қилади.
- Оққуш танасида 25 мингтадан ортиқ пат мавжуд. Туллаш мавсумида жуда кўп патидан айрилади. Натижада маълум муддат парвоз қила олмайди.
- Оққушларнинг кўриш қобилияти жуда юқори. Бу сув остида ҳам ўлжасини дарров пайқаши, кушандалардан ўз вақтида қочиб қолишига ёрдам беради.
- Оққушлар қўлга жуда тез ўрганади. Улар уй шароитида 30 йилгача умр кўриши мумкин.
- Оққушлар 8500 метр баландликда ҳам сира қийналмасдан уча олади.
Изоҳ (0)