Президент Шавкат Мирзиёев давлат дастури бўйича йиғилишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

У соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев ва унинг ўринбосари Баҳодир Юсупалиевга бир ой муддатда биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, уларнинг электрон рўйхатини шакллантиришни топширди.

Шунингдек, Абдуҳаким Хожибоев ва Баҳодир Юсупалиевга вилоят ҳокимлари билан бирга, оилавий поликлиника ва қишлоқ шифокорлик пунктларидаги 3 мингдан зиёд эмлаш бўлимлари шайлигини таъминлашдан ташқари, яна қўшимча 800 та мобил бригада ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

«2021 йилда Тўйчиев, Хожибоев ва унинг ўринбосарлари фаолиятига Сирдарё вилоятининг 26 та туман (шаҳар)ида оилавий шифокорлик, ‘электрон поликлиника’ тизимларини жорий этиш натижасига қараб баҳо берилади», — деди Президент.

Бундан аввал Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов Ўзбекистон аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш февраль ойининг охири, март ойининг бошида бошланишини айтганди.

Нурмат Отабеков 29 январь куни «Ўзбекистон 24» каналига берган интервьюсида Ўзбекистонда дастлабки босқичда 50 мингга яқин киши COVID-19’га қарши эмланишини маълум қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда айни вақтда Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган ЗФ 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари давом этмоқда. Шунингдек, Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режаси ҳам мавжуд. Умуман, Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида 2020 йилнинг ноябрида маълум бўлганди.