Фарғона вилоятида ўтказилган сайёр судларда алимент пулларини ўз вақтида тўламаган 64 нафар қарздорга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Қайд этилишича, вилоят прокуратураси томонидан Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда жойларда фуқароларнинг ўз фарзанди учун алимент пулларини тўлаш бўйича масъулиятини ошириш ва бу борада жамоатчилик таъсир чораларини кучайтиришга қаратилган тадбирлар олиб борилмоқда.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келаётган қарздорларга нисбатан тўпланган ҳужжатларни маъмурий судларда кўриб чиқиш бўйича сайёр суд мажлислари ташкил қилинган.
Сайёр судларда жами 64 нафар қарздорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, 23 нафар қарздордан 242,1 миллион сўм алимент пуллари ундирилган ҳамда 28 та оила яраштирилишига эришилган.
Шунингдек, йўл-патруль хизмати инспекторлари билан ҳам ҳамкорликда тезкор рейдлар ташкил этилиб, ушбу тадбирлар давомида қоидабузар ҳайдовчилардан 1 миллиард 228 миллион сўмлик маъмурий жарималар ундирилган.
Изоҳ (0)