Шавкат Мирзиёев Фарғона туманидаги Vodiy Shoes корхонасидаги иш жараёнини кўздан кечирди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Таъкидланишича, 2020 йили фойдаланишга топширилган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 16 миллион АҚШ доллардан зиёд. Ҳозирда биринчи босқичда 1 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилмоқда, 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.
Маҳсулотлар ассортименти кенг, сифати яхши. Асосан, маҳаллий хом ашёдан фойдаланилгани учун таннархи ҳам арзон. Шу боис ички бозорда импорт ўрнини босиб, хорижники билан рақобатлашмоқда. Экспорт мўлжали – 12 миллион доллар.
Иккинчи босқичда корхона қувватини 2 миллион жуфтга етказиш режалаштирилган. Шу мақсадда яқин атрофдаги 18 та маҳалла хотин-қизлари касаначилик асосида ишга жалб қилинади. Натижада 5 мингдан ортиқ аёлларнинг бандлиги таъминланади.
Президент шу ердаги тўқимачилик корхонасини ҳам кириб кўрди. «Баҳодир Лоғон» пахта-тўқимачилик кластерига қарашли мазкур ширкат йилига 10 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Япония, Туркия, Германия ва Швейцариядан ускуналар келтириб, ип-калава ва мато ишлаб чиқариш, мато бўяш йўлга қўйилган. 480 кишининг бандлиги таъминланган, шундан 300 нафари ёшлар.
Бу биринчи босқич бўлиб, 2022 йилда иккинчи босқични амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг натижасида 1 минг 800 та янги иш ўрни яратилиб, экспорт салоҳиятини 16 миллион доллардан ошириш мақсад қилинган.
Давлат раҳбари хом ашёни қайта ишлашни чуқурлаштириб, тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш, энг муҳими, маҳсулотга бозор топиш зарурлигини таъкидлади.
Шу ерда 2021–2022 йилларда Фарғона вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Олтиариқдаги узумчилик кооперацияси ҳамда Риштондаги кулолчилик марказига ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)