Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Европа кучли бешлик чемпионатларида қишки трансферлар ойнаси расман ёпилди. Ушбу ойнадаги энг шов-шувли трансфер деб Месут Ўзилнинг «Арсенал»дан «Фенербаҳче»га ўтганини айтиш мумкин. Одатда клублар қишда, мавсум ўртасида унчалик катта харидларни амалга оширишни маъқул кўрмайди, ушбу йилда бунга қайсидир маънода коронавирус пандемияси ҳам «ҳисса» қўшиб юборди. Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. Тарихда шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, жамоалар мавсум ўрталарида янги футболчиларни харид қилиш учун катта миқдордаги маблағларни сарфлаган. Уларнинг қанчалик муваффақиятли чиққанлиги эса умуман бошқа масала. Демак, қуйида футбол тарихида қишда амалга оширилган энг қиммат трансферлар ҳақида мулоҳаза юритилади.

Алекс Тейшейра — «Шахтёр Д»дан «Цзянсу Сунин»га

Трансфер нархи: 50 миллион евро

Фото: Google Images

Тейшейра 2010 йилда Бразилиянинг «Васко да Гама»сидан «Шахтёр»га 6 миллион евро эвазига кўчиб ўтганди. Донецк клубида бразилиялик вингер шу қадар ёрқин ўйинлар кўрсатдики, ҳатто «Ливерпуль» ҳам унга қизиқиш билдириб қолганди. Шу қаторда унга бошқа Европа клублари ҳам эътибор қаратди, аммо унинг ўзи Хитойга кетишни маъқул кўрди. 2016 йилнинг февраль ойида «Шахтёр» Алексни 50 миллион еврога «Цзянсу Сунин»га трансфер қилди. 2020 йилги мавсумда вингер Хитой Суперлигасида ғолиб чиқди, бироқ 2021 йилнинг 1 январидан бери у эркин агент мақомида. Миш-мишларга кўра, футболчи «Шахтёр»га қайтиши мумкин. Бундан ташқари «Астон Вилла» ва «Бенфика» каби жамоалар ҳам унга жиддий қизиқиш билдирган.

Бруну Фернандеш — «Спортинг»дан «Манчестер Юнайтед»га

Трансфер нархи: 55 миллион евро

Бруну Фернандеш

Бруну Фернандеш
Фото: Goal

Ҳозирда «қизил иблис»ларнинг етакчисига айланган Бруну борасида «Манчестер Юнайтед» ва «Спортинг» узоқ муддат бир тўхтамга кела олмаган. Томонларнинг нарх масаласида бир тўхтамга келишида муаммолар бўлган, шу тариқа битим трансфер ойнаси ёпилишидан бир неча кун олдин имзоланган. Манкунианлар охир-оқибат португалиялик учун 55 миллион евро тўлашди. Бу январь меъёрлари билан ҳисобланса, анчайин жиддий нарх, аммо инглизларнинг сарфланган пулга ачинмаётгани аниқ. Боиси Фернандеш янги жамоасига қўшилганидан бир неча ҳафта ўтар-ўтмас унинг том маънодаги етакчисига айланди. Гарчи, унга Англия футболи бегона бўлса-да, Бруну дарҳол Премьер Лигада ўз ўйинини топиб олишга муваффақ бўлди. «Юнайтед» жуда юқори даражали футболчини қўлга киритди ва бу билан трансфер бозоридаги сўнгги йиллардаги омадсизликларини ювиб юборди. Энг муҳими, Манчестернинг қизил томони уни қадрлайди.

Фернандо Торрес — «Ливерпуль»дан «Челси»га

Трансфер нархи: 58,5 миллион евро

Фото: Google Images

Торрес 2011 йилнинг январида «Ливерпуль»дан 58,5 миллион евро эвазига «Челси» ўтган. Мерсисайдликлар билан ҳеч қандай совринга эга чиқмаган, Фернандо «аристократлар» сафида Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси ва Англия Кубогида зафар қучди. Шунга қарамай, испаниялик ҳужумчининг трансферини «Челси» учун муваффақиятли бўлган деб ҳисоблаш мушкул. Боиси 3,5 мавсум давомида форвард Премьер Лигада атиги 20 та гол урган, холос. 2014 йилнинг январь ойида «кўклар» Торресни «Милан»га ижарага бериб юборади, бир йилдан сўнг эса итальян клуби футболчининг трансфер ҳуқуқини атиги 1 миллион еврога сотиб олади. Шундан сўнг Фернандо қадрдон клуби «Атлетико»га қайтади, кейинчалик эса фаолиятидаги сўнгги клуб — «Саган Тосу»га йўл олади.

Диего Коста — «Челси»дан «Атлетико»га

Трансфер нархи: 60 миллион евро

Фото: Twitter

Торресдан фарқли ўлароқ, Костанинг трансфери «Челси» учун анча омадли бўлиб чиқди. 2014 йилнинг июль ойида «кўклар» Диегони «Атлетико»дан 38 миллион еврога сотиб олиб, 2018 йилда уни «Атлетико»нинг ўзига 60 миллион евро сотди. Аммо шундан кейин ҳужумчи «Челси»да бўлгани каби ҳар мавсумда 20 тадан гол ура олмади. Ўз вақтида футбол оламида яхшигина шов-шув кўтарган Диего ҳозирда эркин агент мақомида. Кучли бешлик лигаларида трансфер ойнаси ёпилгани ҳисобга олиб айтилса, мухлислар футболчини камида ёзгача топ-чемпионатларда кўрмайди.

Оскар — «Челси» «Шанхай SIPГ»

Трансфер нархи: 60 миллион евро

Фото: Google Images

Оскарнинг сотиб олиниши ва унинг бошқа жамоага трансфер қилинишини ҳам «Челси» учун яхши битим деб ҳисоблаш мумкин. 2012 йилнинг июль ойида «Васко да Гама»дан 32 миллион еврога сотиб олинган Оскар 2017 йилнинг январида 2 баравар қимматроққа (60 миллион евро) «Шанхай»га сотиб юборилади. Умуман олганда, бразилиялик Лондонда яхши ҳаракат қилди, аммо у «аристократ»ларнинг етакчиси эмасди. Шундай экан Оскар билан хайрлашиш, айниқса, катта миқдордаги маблағ эвазига «Челси» учун оғриқли бўлмаган. Яқинда ярим ҳимоячи фаолиятини Лондон клубида якунлаш истаги борлиги ҳақида гапирди, аммо бу эҳтимолдан анча йироқ бўлиб, «кўклар» одатда фахрий ва ёши катта футболчилар(и)ни унча хушламайди.

Пьер-Эмерик Обамеянг — «Боруссия Д»дан «Арсенал»га

Трансфер нархи: 63,8 миллион евро

Фото: Getty Images

2018 йил январь ойида Обамеянг можаро билан Дортмунд клубини тарк этди. «Арилар» муҳим ўйинчисидан ажралади, аммо бунинг эвазига улар яхшигина товон пулини қўлга киритганди. Габонлик ҳам ўз навбатида бошқа клубга ўтиб, 2 та соврин қўлга киритди — Англия Кубоги ва Суперкубоги. Обамеянгнинг трансферидан «канонирлар»нинг адашмагани аниқ. Ортда қолган икки мавсумда ҳужумчи АПЛда 22 тадан гол урди. Бунинг устига тартиб масаласида ҳам Обамеянгда Лондонда ҳаммаси жойида. Ахир «Арсенал»нинг сардори бўлишгача боришнинг ўзи бўладими? Шу тариқа 2020 йилда футболчи «канонирлар» билан шартномасини узайтирди, Микель Артета эса ўйинни унинг атрофида қурмоқда.

Кристиан Пулишич — «Боруссия Д» «Челси»га

Трансфер нархи: 64 миллион евро

Фото: Twitter

Пулишичнинг трансфери «Боруссия» учун фақатгина омадли бўлган. Дортмунд клуби 2015 йилда ёш вингерни текинга қўлга киритиб, 4 йилдан сўнг уни «Челси»га 64 миллион еврога сотади. Бугунги кунда Кристиан энг истиқболли америкалик футболчилардан бири ҳисобланади. 22 ёшида у АҚШ терма жамоаси сафида 34 учрашув ўтказишга ва 14 гол уришга улгурган. Бироқ Лондонда у ҳали ҳам тўлалигича очила олмаяпти. Пулишич баъзида жуда яхши ўйин кўрсаца, бошқа вазиятларда жуда ёмон ўйин кўрсатади. Бундан ташқари футболчини мунтазам равишда жароҳатлар қийнаб келади. Шунга қарамай «кўклар» ҳамон футболчига ишонишда ва унга катта умид боғлашда давом этмоқда.

Эмерик Ляпорт — «Атлетик»дан «Манчестер Сити»га

Трансфер нархи: 65 миллион евро

Фото: Google Images

Франциялик футболчи ўз ватанида профессионал фаолият олиб бормаган. Ўз профессионал йўлини «Атлетик»да бошлаган Ляпорт 2018 йилнинг январида 65 миллион еврога «Манчестер Сити»га ўтади. Ўшанда «шаҳарликлар»нинг ҳимоячи учун бунча кўп пул сарфлагани кўпчиликни ҳайратга солганди. Бироқ «Сити»нинг ҳамон ҳимоячи сотиб олаётгани ҳисобга олинса, бунинг ҳеч ажабланарли ери йўқ. Кутилган ўйинни намойиш эта олмаган Ляпорт 2019/20 йилги мавсумда тиззасидаги жароҳатлари туфайли кўплаб учрашувларни ўтказиб юборди. 2020/21 йилги мавсумда ҳам француз деярли ўйнаётгани йўқ. Чунки Хосеп Гвардиола ҳимоя марказида бошқа ижрочиларни қўллашни афзал кўрмоқда. Ҳимоячининг «Манчестер Сити» билан шартномаси эса ҳали яна 4,5 йил амалда бўлади.

Виржил ван Дейк — «Саутҳэмптон»дан «Ливерпуль»га

Трансфер нархи: 84,7 миллион евро

Фото: Twitter

«Ливерпуль» одатда футболчилар учун катта маблағлар сарфламайди, аммо ван Дейк ушбу анъанадан мустасно. Нидерландиялик «қизиллар»га соврин қўлга киритиш учун етишмаётган футболчилардан бири эди. Айнан унинг келиши билан мерсисайдликларнинг ҳимояси янада ишончли тус олди. Виржил дарҳол «Ливерпуль»нинг асосий таркиб футболчисига ва етакчисига айланди. Футболчининг мослашишига деярли вақт талаб қилинмади, чунки у бунга қадар Премьер Лигада 2,5 мавсум ўтказишга улгурганди. 2020/21 йилги мавсумда эса Виржилнинг йўқлиги жамоага катта таъсир ўтказмоқда. Ҳимоячи айни пайтда мавсум аввалида олган жиддий жароҳатидан тикланиш билан овора. Мавсум охирларига бориб унинг майдонга қайтишига умид қилинмоқда.

Филиппе Коутиньо — «Ливерпуль»дан «Барселона»га

Трансфер нархи: 145 миллион евро

Фото: Getty Images

«Ливерпуль» трансфер бозорида ҳар томонлама яхши ҳаракат қилади. Бунга яққол мисол қилиб мерсисайдликларнинг қишда 100 миллион евродан қимматроққа футболчи сотган ягона клуб эканлигини келтириш мумкин. Бироқ «Барселона» учун ушбу трансферни муваффақиятли деб атаб бўлмайди. Биринчидан, каталонияликлар ҳали ҳам Коутиньо учун «Ливерпуль»дан қарздор. Иккинчидан, улар ҳамон бразилияликдан қандай фойдаланишни билмайди. Бунинг устига футболчининг ўзини ҳам омадли деб аташ мушкул. Ярим ҳимоячи билан ишлашни чин дилдан истаган ягона мураббий (Кике Сетьен) «кўк-анорранглилар» бошқарувида бир неча ой ишлади, холос. Ушбу трансфернинг қанчалик фойдали бўлганидан қатъи назар, бу «Барселона» тарихидаги энг қиммат харид бўлиб қолаверади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Саудиялик тадбиркор Ўзбекистонда автомашина эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга сармоя киритади 
Маҳаллий
1000 доллар ойлик олаётган ўқитувчилар, 1 млн нафардан ошган талабалар, янги қурилган 27 та ТТЖ — олий таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов билан эксклюзив су...
Маҳаллий
Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди