Ташқи ишлар вазирлиги 3 февраль, чоршанба куни польшалик журналист Агнешка Пикулискани Al Jazeera телеканалининг (Қатар) Ўзбекистондаги мухбири сифатида аккредитация қилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни ушбу журналист Ўзбекистон ТИВ ходими унга тегажоғлик қилганидан шикоят қилганди. Ходим унга нафақат тегажоғлик қилган, балки «салбий янгиликлар кўпайиб кетган»и сабабли ундан карантин ҳақида ижобий мақола ёзишни сўраган.
Кейин журналист унинг устидан шикоят ёзишини айтган. Шундан сўнг ТИВ ходими Telegram’даги ёзишмаларни ўчирган. Шикоят бўйича эса Агнешка Пикулискага ҳеч ким жавоб қайтармаган.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ушбу ҳолатга муносабат билдириб, ушбу ҳодиса пухта ўрганилиб, таҳлил қилиниши, тегишли чоралар кўрилиб, айбдорлар жазоланишини маълум қилганди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам бунга муносабат билдириб, бу шикояти жуда жиддий хавотир уйғотганини айтди.
2 февраль куни Агнешка Пикулиска вазирлик вакиллари билан учрашган, аммо унга тегажоғлик қилган Рустам исмли кишини бир неча марта ТИВ биносида кўрган бўлса ҳам, вазирликда уни ҳеч ким танимаган.
Шу куни Ўзбекистон ТИВ полшалик журналистдан узр сўради ва унга тегажоғлик қилган ходимини ишдан бўшатганини маълум қилди.
Изоҳ (0)