Япония ҳукумати Афғонистонга ижтимоий дастурлар ва ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш учун 122 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда Япониянинг Кобулдаги элчихонаси хабар қилган.
Дипломатик ваколатхонанинг баёнотида қайд этилишича, Афғонистон масаласи бўйича Женевада ўтказилган конференцияда Япония ҳукумати вакиллари ислом республикасига 2021–2024 йилларда йилига, тахминан, 180 миллион доллардан маблағ ажратишни ваъда қилган.
Элчихона вакилларининг айтишича, 122,2 миллион доллар миқдоридаги маблағ воситасида 17 та ижтимоий лойиҳа ва ривожланиш дастурини амалга ошириш мумкин.
Хабар қилинишича, ажратилган пуллар хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда COVID-19 пандемияси даврида кўмакка муҳтож бўлган аҳолининг кам таъминланган қатламига ижтимоий ёрдам кўрсатишга сарфланади.
Баёнотга кўра, Япония 2001 йилдан буён Афғонистонга жами 6,9 миллиард долларлик молиявий ёрдам кўрсатган.