Қирғизистоннинг сайланган президенти Садир Жапаров ўзининг илк хорижий ташрифини Россияга уюштириши кутилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Равшан Собиров мамлакат парламентидаги нутқида маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: President.kg

«Янги президентнинг биринчи ташрифи Россияга режалаштирилган», — дейилади хабарда, бироқ Собиров ташриф санасини айтмаган.

Қирғизистонда 10 январь куни муддатидан олдин президент сайловлари бўлиб ўтди. Бунга аҳолининг бир қисми парламент сайловлари натижаларини тан олмасдан мамлакатда ўтказган норозилик намойишлари оқибатида аввалги давлат раҳбари Сўронбой Жээнбековнинг октябрь ойида истеъфога чиқиши сабаб бўлган.

Овоз бюллетенлари 100 фоиз ҳисоблаб чиқилгандан сўнг Марказий сайлов комиссияси собиқ бош вазири вазифасини бажарувчи Садир Жапаровнинг ғалабаси эълон қилинди. Сайловда тўпланган 79,23 фоиз овознинг 39,75 фоизи Жапаровга берилган. Мазкур кўрсаткич 3,5 миллион сайловчининг 1,1 миллион нафарини ташкил этган.

Овозларни санаш пайтида Жапаров сайловларни бошқараётгани маълум бўлгач, унинг бир қанча рақиблари дастлабки натижаларни тан олмаслигини эълон қилди. Хусусан, «Бутун Қирғизистон» партияси раҳбари Адахон Мадумаров электрон сайлов қутиларини сохталаштириш ҳақида гапирган. Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Абдил Сегизбаев сайлов натижаларига қарши чиқиш ниятидалигини айтган.

21 январь куни Қирғизистон ҳукумати истеъфога чиқди. Жапаровнинг инаугурацияси 28 январга белгиланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни Қирғизистондаги президентлик сайловларида қозонган ғалабаси билан табриклагани, Садир Жапаров Россияни Қирғизистоннинг бош иттифоқдоши деб атагани ҳамда Жапаров Қирғизистонда рус тилининг расмий мақомини сақлаб қолишга ваъда бергани ҳақида хабар берилганди.