Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё»га Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги «Қуйи чуқурак» маҳалласида жойлашган «Мискинато» қабристонини таъмирлаш ҳамда маҳаллада жамоатчилик асосида аҳолини иш билан таъминлашда талон-торожликларга йўл қўйилгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Шикоят қанчалик ўринли эканлигини ўрганиш мақсадида «Дарё» мухбири айтилган манзилда бўлди.

Маълум бўлишича, «Қуйи Чуқурак» МФЙ раиси Жасур Насуллаев «Мискинато» қабристонининг ер участка майдонидан тушган 13 миллион 500 минг сўм пулни ноқонуний сарфлаган. «Мазкур пулларнинг 7,5 миллион сўмини Акмал Жўраев, қолган 6 миллион сўмини эса унинг укаси Ҳазрат Жўраев нақд шаклида берган», — дейди тумандаги 33-мактаб директори Муҳаммад Аминов.

Айтилишича, 2019 йилда «Мискинато» қабристони теварагидаги 1 гектарга яқин ердан тушадиган ҳосил маҳалла раиси ҳамда тўрт нафар маҳалла фаолининг оғзаки кенгашуви билан 11 миллион сўм деб баҳоланган. Шунга кўра, қабристон атрофидаги ер майдонига вақтинча эгалик қилаётган Акмал Жўраевдан маҳалла комиссиясига 11 миллион сўм миқдорида пул топшириш талаб қилинган. Бироқ, Акмал Жўраев оилавий шароити сабаб бунча тўловни амалга ошира олмаслигини тушунтирган.

«Аввалига маҳалла раиси 11 миллион пул тўлашим кераклигини айтди. Техника воситалари хизматидан фойдаланиш, шунингдек, сув таъминоти, маданий ва минерал ўғитлар келтиришдан ташқари, бу миқдордаги тўловни амалга оширишга менинг шароитим тўғри келмади. Кейин 8 миллион топширишим кераклиги айтилди. Рад этдим ва оғзаки келишувга кўра, 7 миллион сўмга рози бўлдим», — дейди Акмал Жўраев.

Таъкидланишича, 7 миллион сўмлик тўлов фуқаро томонидан икки маротаба амалга оширилган. Пуллар маҳалла фуқаролар йиғини ёхуд туман ободонлаштириш бошқармаси кирим кассасига эмас, балки Ж.Насуллаев, Р.Саъдуллаев, У.Ҳамидов, Н.Нафасовлардан иборат маҳалла комиссияси аъзоларига топширилган.

«Биринчи тўлов 2 миллион 40 минг сўм эди. Мен ушбу пулга қабристон атрофини ўраш мақсадида девор тиклаш учун 3 тонна цемент олдим. Кейинги тўлов — 4 миллион 960 минг сўм эса деворни тиклаш учун шлакоблоклар харид қилишга ҳамда ободонлаштиришга сарфланди», — дейди Акмал Жўраев.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Акмал Жўраевнинг билдиришича, 2020 йилда қабристон атрофидаги мазкур ер майдонидан фойдаланиш укаси Ҳазрат Жўраевга берилган.

«Қуйи чуқурак» маҳалла раиси Жасур Насуллаевнинг билдиришича, Ҳазрат Жўраевга 2020 йилда қабристон атрофидаги ер майдонидан фойдаланиши учун ундан олинадиган ҳосилдорликка қараб, 7 миллион сўм тўловни амалга ошириши билдирилган. Бироқ, 6 миллион сўм олинган.

МФЙ раисига кўра, қабристон атрофини ободонлаштириш, айвон тиклаш ва олд қисмини девор билан ўраш ишларига айни пайтга қадар 17 миллион 200 минг сўм сарфланган ва ҳали ишлар тўла якунига етмаган.

«Шунга кўра, ер майдони ҳосилдорлигидан тушган 13,5 миллион сўмнинг талон-тарож қилингани ҳақидаги шикоят ўринсиз», — дейди маҳалла раиси.

«Дарё» мухбири ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Бухоро вилоят Солиқ бошқармасининг жисмоний шахсларга солиқ солиш бўлими бошлиғи Зикрилла Фатуллаев билан суҳбатлашди.

«Маълумки, қабристонларни ободонлаштириш маҳалла аҳолиси кўмагида ҳашар йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Қабристон атрофидаги ерлар давлат мулки ҳисобланиб, ижара шартномаси тузмасдан ерни ижарага бериш ноқонуний ҳисобланади. Шунингдек, ернинг ҳосилдорлигидан фойдаланиб, тушган маблағларни қабристон таъмирланишига қандай сарфлаш лозимлиги меъёрий ҳужжатларда қайд этилган. Юқоридаги ҳолат бўйича эса қабристон атрофидан фойдаланаётган фуқаро оғзаки келишувга асосан пулни маҳалла фаоллари, яъни комиссияга келтириб топширяпти. Билишимизча, бу пуллар ҳеч қаерга кирим қилинмаган, ўртада ўзаро далолатнома тузилган, холос. Бироқ, ушбу маблағлар туман ободонлаштириш бошқармаси ҳисоб рақамига кирим қилиниши ва сўнгра мақсадларга йўналтирилиши лозим эди. Ушбу ҳолатда қонун бузилиши юзага келган», — деди бошқарма масъули.

Маҳалла аҳли МФЙ раиси жамоатчилик асосида ишга жалб қилинганларга маош тўлашда ҳам адолатсизликка йўл қўйганини айтмоқда.

Маҳалла фуқаролари — Қурбон Аминов ҳамда Гулжаҳон Раҳмоновалар 2020 йилнинг апрель ва июль ойларида жамоатчилик асосидаги меҳнатга жалб қилинганини, бироқ, икки ой давомида ишламай 750 минг сўмдан иш ҳақи олганини билдирди. «Айни ўша пайтда Қурбон Аминов бошқа туманда чакана иш билан шуғулланган, Гулжаҳон Раҳимова эса уйда ўтирган, ишламаган», — дейилади мурожаатда.

Қурбон Аминов ҳамда Гулжаҳон Раҳимовалар эса пандемияда ишсиз қолгани сабаб маҳалла раисига мурожаат қилишганини ва жамоатчилик ишига жалб этилиб, маош олганини билдирди.

«Маълумки, жамоатчилик иши кўча ва хиёбонларни супуриш ишлари билан боғлиқ. Кўпроқ бу ишга аёллар жалб этилгани учун мен ўзимда ноқулайлик сезиб, ўрнимга турмуш ўртоғимни юбордим. Гулжаҳон эса келиним, фарзанди билан бир ҳафтача касалхонада даволаниб чиққан даврда ҳам турмуш ўртоғим жамоатчилик ишини бажарди. 750 минг сўм пуллар пластик картамизга келиб тушди ва бу пулларни биз пандемия даврида рўзғорга сарфладик. Бизни оғир шароитда қўллаган раисга эътирозимиз йўқ», — дейди Қурбон Аминов.

Шофиркон туман ҳокимлиги биносида ҳоким, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда тумандаги 33-умумий ўрта таълим мактаби директори билан юзма-юз мулоқотда Муҳаммад Аминов «Қурбон Аминов акам, Гулжаҳон Раҳимова келиним бўлади. Ҳар битта жиянимнинг қўлида биттадан машинаси бор. Яна қандай кам таъминланганлик бўйича ойлик олади?», — дея эътироз билдирди.

Жасур Насуллаевнинг таъкидича, Қурбон Аминов оиласи кам таъминланганлар рўйхатида турмайди. Пандемия бошлангач, эҳтиёждан келиб чиқиб, маҳалла аҳолисининг бир нечтаси жамоатчилик асосида ишлаган. Фуқаро Қурбон Аминов укаси Муҳаммад Аминов раҳбарлигидаги мактабда қоровул вазифасида ишлаб келган ва ўзаро келишмовчилик сабабли ишдан бўшаган. Оилага кўмак сифатида фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилган ва келини билан кетма-кет ойларда жамоатчилик ишига жалб қилинган. Ўзаро ички келишув асосида Қурбон Аминовни тунги қоровулликка ҳам қўйган.

Туман прокуратураси ушбу ҳолат кўриб чиқилаётганини ва хулоса берилишини маълум қилди.

«Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари бошлаб юборилди», — деди Шофиркон прокурори Жасур Тангриев.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
«Telegram’да криптовалюта савдоси ва уларни сақлаш воситалари бўлади» — Дуров
Маҳаллий
Ўзбекистонда сўнгги суткада 154 кишида коронавирус қайд этилди
Спорт
ЖЧ—2022 да нимчорак финалнинг тўртта жуфтлиги аниқланди