1950 йил 23 январь куни Исроил парламенти Кнессет Қуддусни мамлакат пойтахти деб эълон қилди. Бу эса бир қатор араб давлатларида катта норозиликлар келтириб чиқарди. «Дарё» мазкур воқеа ва араб мамлакатлари ҳамда Исроил ўртасида юзага келган ихтилофлар тарихи ҳақида ҳикоя қилади. 

Исроил давлатининг ташкил топиши

Яқин шарқ, бу энг аввало, насронийлик, яҳудийлик ва ислом дини туташган жўғрофий ҳудуддир. Бу ҳудудда истиқомат қилувчи халқлар қадимий тарих ва маданият билан кўплаб сайёҳларнинг ва сиёсатчиларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади. Сиёсатчилар, жамияцҳунослар, тарихчилар учун эса бу минтақада Исроил давлатининг ташкил топишию, унинг яқин қўшнилари араблар билан муносабатлари янада кўпроқ қизиқишга сабаб бўлади. Исроилнинг ўзи учун ҳам араб қўшнилари билан муносабат энг аҳамиятли мавзулардан бирига айланган.

Фото: Google Photos

Араблар ва Исроил ўртасидаги низолашув тарихи 1947 йилнинг 29 ноябрь санасига бориб тақалади. Ўша пайтда БМТнинг махсус қўмитаси Фаластинни икки қисмга бўлиш ва яхлит Фаластин ҳудудида ҳам араб, ҳам яҳудий давлатини тузиш режасини қабул қилади. Режага биноан Қуддус ва Вифлеемда халқаро бошқарув остидаги тизимга тартиб берилади. БМТ режасига кўра, Иордан дарёсининг 56 фоиз қисми яҳудий миллатига, 43 фоизини араб халқига бериш назарда тутилди. Бу режага қўшимча тарзда араблар ва яҳудий жамоаларини низога бормаслиги учун божхона иттифоқи, сув ва энергетика масалалари бўйича махсус қўмита тузиш ҳам режага киритилади.

Бироқ 1947 йилда БМТ таркибида бўлган Миср, Саудия Арабистони, Ироқ, Яман, Ливан, Сурия давлатлари  БМТнинг Фаластинни иккига ажратиш режасига қарши чиқади. Араб давлатлари лигаси ва Олий Араб Кенгаши ташкилоти ҳам БМТнинг мазкур режасига қарши чиқади ва БМТ режасини қабул қилинишига бор кучлари билан қаршилик қилишни маълум қилишади.  1948 йилнинг 14 май санасида Фаластинни назорати остига олган Буюк Британия мандати муҳлати ниҳоясига етгач, Исроил ўз мустақиллигини эълон қилади. Мустақил Исроил давлатининг эълон қилиниши араб давлатларининг жаҳлини чиқаради. Натижада бир тарафда Миср, ТрансИордания (1950 йилдан Иордания қироллиги), Ливан, Ироқ бошқа араб давлатлари кўмагида Исроилга қарши уруш очади. Исроил давлатчилигининг ташкил қилиниши даври ҳозирга қадар ҳал қилинмай келаётган араб–яҳудий низосини юзага келишига сабаб бўлади.

1947-1949 йилларда юзага келган дастлабки араб-яҳудий уруши натижасида ғарбий Галилея ҳудуди ва денгизга туташ Қуддус йўлаги яҳудий давлати тасарруфига ўтади ва араб давлатлари билан Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш борасида шартнома имзоланади. Қуддус шаҳри икки қисмга ажратилиб, Иордания ва Исроил давлати назоратига ўтказилади. Орадан бир йил ўтиб Исроил давлатининг биринчи бош вазири Давид Бен Гурион Қуддусни Исроилнинг пойтахти эканлигини эълон қилса, 1950 йилнинг 23 январь санасида Исроил парламенти – Кнессет ҳам Қуддусни Исроил давлатининг пойтахти эканлигини эълон қилади. Оташкесим битимига кўра, халқаро ҳамжамият араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги тинчлик шартномаси  абадий амал қилишини кутишганди, бироқ араб давлатлари Исроилнинг мустақиллигини тан олишни ва Исроил билан музокаралар олиб боришни исташмайди. Исроил уруш натижасида БМТ белгилаб берган ҳудудларга нисбатан анчайин катта ҳудудни босиб олишга эришганди. Қолаверса, мустақил Фаластин давлатини тузиш белгиланган ҳудудлар Миср ва Иордания назоратига берилади. Ярим миллиондан кўпроқ бўлган араб қочқинлари уруш амалиётлари бўлаётган ҳудуддан қочиб, Ғазо ва Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғига кўчиб ўтишади. Араб давлатлари Исроил ҳукуматига қочоқ фаластинликларга  ўз она ерларига қайтишга рухсат берилишини талаб қилади, аммо Исроил ҳукумати араб давлатлари талабини рад қилади. Исроил ҳукумати назарида талабни бажариш бу яҳудий жамоасининг келажагини хавф остига қўйиш билан баробар эди. Қолаверса, Исроил ҳукуматининг Иордан дарёси сувлари ўзанини ўзгартириш, демилитаризация ҳудудларини назорат қилиш борасида келиб чиқадиган низолар ортидан араб ва яҳудий жамоалари ўртасида ихтилофлар юзага кела бошлайди. Араб давлатлари Исроилни яккалаб қўйиш ва Исроилга нисбатан бойкот сиёсатига зўр бера бошлайди. Миср ҳукумати Исроилга Сувайш каналидан фойдаланишни тақиқлаб қўяди, сал кейинроқ 1951 йилда расмий Қоҳира Исроилнинг Қизил денгизга чиқиш имконини берадиган ҳудудни ҳам беркитиб қўяди. Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғидаги ва Ғазодаги фаластинликлар Исроил чегарасида яҳудий жамоасига қарши ҳужумлар уюштира бошлайди. Исроил ҳам ўз навбатида жазо отрядларини фаластинликларни жазолаш учун юборар ва Миср ҳамда Иорданияни ҳужумлар ортида турган айбдорлар сифатида кўради.

Фото: Google Photos

1956 йилнинг июль ойида Миср Синай ярим оролига қўшин киритади ва Сувайш каналини национализация қилади. Натижада Франция ва Буюк Британия ҳукуматлари Мисрнинг ушбу ҳаракатига қарши норозилик нотасини юборади. Бу ҳам етмаганидай, Буюк Британия ва Франция ҳукумати Мисрда Жамол Абдул Носир ҳукуматини тўнтариш мақсадида Исроил билан биргаликда 1956 йилнинг 29 октябрь санасида Ғазо ҳудуди ва Синай ярим оролига қўшин киритади. Совет Иттифоқи ва АҚШнинг сиёсий босими натижасида Исроил ва унинг ғарблик иттифоқчилари ўз қўшинларини Миср ва Ғазо ҳудудидан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Кейинги ўн йил мобайнида Исроил ва Иордания, Исроил ва Сурия ўртасида сув ва чегара олди ҳудудлари сабаб бир қатор кичик можаролар содир бўлади.

Олти кунлик уруш

Исроилнинг араб давлатлари билан ихтилофлари тарихда «Олти кунлик уруш» деб номланган сиёсий можарога олиб келади.  Исроилнинг Мисрга ракета ҳужумлари оқибатида 1967 йилнинг 5 июнь санасида Миср, Иордания, Сурия, Ироқ Исроилга қарши уруш очади. Урушнинг дастлабки соатларида Исроил ҳарбийлари бирлашган араб давлатларининг бир қанча учоқларини йўқ қилади ва Исроилнинг қуруқликдаги қўшинлари Ғазо ҳудуди ва Синай ярим оролини яна босиб олади. Иордания ва Сурия ҳам Қуддуснинг шарқини ва Голан тепаликларини Исроилга бой беради. Босиб олинган ҳудудларда Исроилнинг ҳарбий маъмурияти юзага келади.

Олти кунлик уруш давомида Исроил ўз ҳудудидан бир неча марта катта бўлган ҳудудларни босиб олади. Дунё ҳамжамияти Исроилнинг мазкур сиёсатини танқид қилади. Исроил босиб олинган ҳудудларни арабларга қайтариб беришга рози бўлади. Шарти эса араб давлатлари Исроил билан тинчлик шартномасини имзолаши керак эди. Аммо араб давлатлари ўз мағлубиятини тан олмайди ва 1967 йилнинг сентябрида саккиз араб давлатларининг Судан пойтахти Хартумдаги учрашуви чоғида Исроил билан уруш ҳолатини сақлаб қолишга қаратилган «уч йўқ» номи билан тарихга кирган тамойилни ишлаб чиқишади. Бу тамойилга кўра, Жазоир, Миср, Иордания, Ироқ, Кувайт, Ливан, Сурия ва Судан Исроил билан тинчлик шартномаси имзоланмаслигини, Исроилни мустақил давлат сифатида тан олмаслик ва Исроил билан ҳеч қандай музокаралар олиб бормасликни келишиб олишади. Мазкур ҳужжат эса арабларнинг Исроил билан узоқ давом этиб келаётган душманона кайфиятининг асоси бўлди.

Йом Киппур (Маҳшар) уруши

1968–1973 йилларда Миср ҳукумати Исроилга қарши чегара олди ҳудудларида ҳолдан тойдирувчи уруш  олиб борди. Натижада 1973 йилнинг октябрь ойида араб давлатлари ва Исроил ўртасида навбатдаги уруш бошланди. Бу пайтда Исроил Йом Киппур байрамини нишонлар эди. Араб давлатларининг ҳужуми тўсатдан бошланади. Миср ва Сурия қўшинлари Синай ярим ороли ва Голан тепаликларини яшин тезлигида босиб олиб, Исроил ичкарисига кириб боради. Урушнинг дастлабки икки куни мобайнида ғалаба араб давлатлари тарафида бўлган бўлса, аста-секин тарози палласи Исроил тарафга ён боса бошлади. Арабларнинг олти кунлик урушдаги мағлубияти уларда ўч олиш шижоатини кўтариб юборди, улар икки кунлик зафарлардан фахр ҳиссини туйишди. Маҳшар уруши ўз навбатида дунёнинг кўп мамлакатларига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Нефтга бой араб мамлакатлари Исроил ва унинг иттифоқчиларига нисбатан сиёсий ва иқтисодий босим ҳам ўтказишди. ОПЕК ташкилоти Ғарб давлатларига нефтни сотиш борасида эмбарго қўллади, нефть нархини уч карра кўтарди. Бу эса 1973 йилдаги нефть инқирозининг юзага келишига сабаб бўлди. Африканинг 28 мамлакати Исроил билан дипломатик алоқаларни узди.  Германия демократик республикаси, Саудия Арабистони, Марокаш қироллиги, Куба, Совет Иттифоқи араб иттифоқчиларига молиявий ва ҳарбий ёрдам етказиб беришди.

АҚШ давлат котиби ва президент маслаҳатчиси Генри Kиссинжер Москвага сиёсий низони ҳал қилиш мақсадида ташриф буюради. 20-22 октябрь санасида Москвадаги учрашув чоғида БМТ хавфсизлик кенгашининг 338 рақамли қарори қабул қилинди. Бу қарорга биноан урушаётган тарафлар БМТ хавфсизлик кенгашининг 1967 йилда қабул қилган 242 қарорида назарда тутган шартларга тўлиқ бўйсуниши ва ўт очишни тўхтатиши лозим эди. Миср ҳукумати БМТ хавфсизлик кенгашининг қарорини қабул қилган бўлса, Сурия ва Ироқ бу қарорга итоат қилишмайди. Бироқ 1973 йилда Женевада Совет Иттифоқи ва АҚШ кузатуви остида Миср ва Иордания  ҳамда Исроил ўртасида тинчлик битими имзоланади. Исроил ҳукумати ўз ҳарбийларини Голан тепаликларидан олиб чиқиб кетади.

1970 йилларнинг иккинчи ярмида Миср президенти Анвар Садат Исроил билан ярашувга боради ва 1977 йилнинг ноябрь ойида Исроилга Миср ҳукуматининг илк ташрифини ташкил қилади ва Исроил парламенти Кнессетда тинчлик таклифи билан нутқ сўзлайди. Исроил бош вазири Менахем Бегин Исроил давлатининг бўлинишини истамаган бўлсада, расмий Қоҳира билан муроса қилишга мажбур бўлади. Исроил ҳукумати босиб олинган Синай ярим оролини Мисрга қайтариб беришга кўнади. Шу тариқа 1978 йилда АҚШдаги Кемп Дэвидда АҚШ президенти Жимми Картер раислигида ўтган учрашувда Анвар Садат ва Менахем Бегин тинчлик шартномасини имзолайди ва босиб олинган Синай ярим ороли Мисрга қайтариб берилиши расмий тарзда амалга ошади.

Исроил–Ливан уруши

1970 йилларнинг охирига келиб Ливан ва Исроил ўртасидаги муносабатлар анча кескин тус ола бошлайди. Исроил ҳукумати ҳаво ҳужумлари уюштирган ҳолда Ливан пойтахти Байрутни ўққа тутади. Халқаро жамоатчилик эса Исроилнинг хатти-ҳаракатларини кескин танқид қилиб чиқади.

1982 йилнинг 6 июнь санасида Исроил ҳукумати «Галилейда тинчлик» номли ҳарбий амалиётни бошлаб юборади. Мақсад Ливан жанубидаги Фаластин озодлик ҳаракатини йўқ қилиш эди. Байрутда олиб борилган икки ойлик ҳарбий ҳаракатлардан сўнг  уруш якунига етади ва 1982 йилнинг декабрь ойида Ливан ва Исроил ҳукумати тинчлик музокараларини олиб боради. 1983 йилнинг 17 май санасида Исроил ва Ливан ўртасида уруш тугатилгани ҳақида эълон қилинади. Исроил ўз қўшинларини Ливан ҳудудидан олиб чиқиш мажбуриятини олиб, мамлакат жанубида «хавфсиз ҳудуд» майдонини ташкил қилади.

1988 йилда Фаластин озодлик ҳаракати лидери Ёсир Арофат БМТ хавфсизлик кенгаши қарорига мувофиқ Исроилни давлат сифатида тан олишини, эвазига Исроил тарафини олти кунлик уруш натижасида босиб олинган ҳудудларни озод қилишга чақиради. 1989 йилга келиб Исроил ҳукумати ҳам араб давлатлари билан уруш амалиётларини тўхтатиш ташаббуси билан чиқади. Бироқ 1991 йилда Ироқнинг Кувайтга уруш очиши араб-яҳудий низоларига ечим топиш масаласини яна иккинчи даражали лойиҳага айлантириб қўяди.

Яхшиланиб бораётган муносабатлар

1994 йилда Иордания ва Исроил тинчлик битимини имзолайди ва дипломатик муносабатлар ўрнатилади. Исроил ҳукумати Иорданияга табиий газ ва ичимлик суви етказиб бериш эвазига Иорданиянинг уруш бошламаслик кафолатини қўлга киритади.

1990 йил ўрталарига келиб Фаластин ва Исроил муносабатларида ҳам илиқлик кузатилади. Саудия Арабистони, Кувайт, Баҳрайн, Қатар, БАА ва Уммон султонлиги ҳам норасмий тарзда Исроил билан ўз муносабатларини яхшилашга ҳаракат қила бошлайди. Сабаб эса Эрондан келаётган хавф араб давлатларини Исроил билан тинчлик ўрнатишга асос бўлаётган бўлса, бошқа тарафдан араб мамлакатлари Исроилдаги юқори технологиялардан баҳраманд бўлиш ва қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, сувсозлик ва сув таъминоти, чўллашишга қарши курашиш ва ҳарбий-техник соҳаларда ҳамкорлик қилишга бўлган истакдир. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Уммон султонлигига ташрифи ҳам араб-яҳудий муносабатларини яхшилаш учун ижобий қадам сифатида баҳоланди.

Кейинроқ эса БАА ва Исроил ўзаро алоқаларни яхшилаш учун келишиб олишди. 2020 йилнинг 29 август санасида БАА ҳукумати Исроилга нисбатан эълон қилинган бойкотни бекор қилишини маълум қилди. Келишувга биноан Исроил ҳукумати БАА ҳудудига ўз маҳсулотларини олиб кириши, БАА компаниялари ва кичик тадбиркорлик субъектлари исроиллик бизнесменлар билан ҳар қандай молиявий ва бизнес шерикчиликни ривожлантиришларига рухсат берилди. 31 август санасида эса Исроилдаги халқаро Бен Гурион аэропортидан БААга дастлабки тарихий парвоз амалга оширилди. Исроил миллий хавфсизлик кенгаши раиси Меир Бен Шаббат, АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши маслаҳатчиси Роберт O’Брайан ва АҚШ президентининг катта маслаҳатчиси Жаред Кушнер БААга илк парвозни амалга оширган учоқнинг сайёҳлари бўлишди.

Марокаш қироллиги ҳам Исроил билан дипломатик муносабатларни  йўлга қўяётган олтинчи араб мамлакати бўлди.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.