Ўзбекистон ҳудудига 21—23 январь кунлари Ғарбий Қозоғистон орқали Россия (Москва вилояти) Европа қисмининг марказий ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».

Фото: «Дарё»

21 январь, пайшанба куни Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро, Навоий вилоятларининг баъзи жойларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

22 январь, жума куни республика ҳудудлари бўйича ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда қор, баъзи жойларда кучли қор ёғади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди.

21—22 январь кунлари шамол 17—22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда, баъзи жойларда 25—28 метр/секундгача етади.

22—23 январь кунлари ҳаво ҳарорати кечалари 5—10 даража совуққача, кундуз кунлари 0—5 даража совуққача; шимолда кечалари 12—15 даража совуққача, кундуз кунлари 5—8 даража совуққача пасаяди.

22—23 январь кунлари ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 8—10 даражага паст бўлади.

Йўлларда яхмалак бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво баҳорий илиқ бўлиши, аммо ҳафта охирларига бориб қишки об-ҳаво мамлакатга қайтишини маълум қилганди.