Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Азизбек Икромов Ўзбекистон президентининг 18- январдаги 4955-сонли қарорига асосан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бу ахборотни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги «Дарё»га тасдиқлади.
Азизбек Икромов 2019 йилнинг ноябридан буён ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. У 2020 йил февралида қўшимча равишда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари этиб тайинланган эди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги президентнинг 2020 йил февралидаги фармонига мувофиқ ташкил этилган. Вазирликка Фарғона вилояти ИИБнинг собиқ бошлиғи Раҳмат Маматов раҳбар этиб тайинланган эди.
Вазирлик олдига қўйилган вазифалар қаторида, жумладан, «жамиятда ‘Обод ва хавфсиз маҳалла‘ тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш» ва «оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш» кабилар бор.
Изоҳ (0)