Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторлари 2020 йилда 317 945 та қоидабузарликни аниқлаган. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ЙХҲБ бошлиғи ўринбосари Абдунаби Тўраев маълум қилди.

Абдунаби Тўраев.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ

Таъкидланишича, вилоятда ўтказилган рейд тадбирларида ЙПХ ходимлари 103 660 та қўпол қоидабузарликни аниқлаган бўлса, шундан 4506 та ҳолатда маст ҳайдовчилар, 6047 та ҳолатда телефондан фойдаланаётган ҳайдовчилар ҳамда 12 582 та ҳолатда пиёдалар қоидабузарликлари аниқланган.

Шунингдек, вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида ўрнатилган онлайн режимида ишловчи жами 23 та радарлар ёрдамида 92 116 та қоидабузарлик аниқланган.

Қўшимча қилинишича, 2020 йилнинг 21 ноябрь кунидан бошлаб Самарқанд шаҳрининг серқатнов кўчалари ва чорраҳаларида тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида Мирзо Улуғбек, Спитаменшоҳ, Даҳбед, Рудакий кўчалари чорраҳасига ҳамда Нарпай тумани ҳудудига 3.27 йўл белгиси таъсир зонасида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган транспорт воситаларини аниқловчи «Паркон» дастури асосида ишловчи 6 та видеокузатув камералари ўрнатилган. 2021 йил 6 январь кунига қадар ушбу қурилма орқали 3802 та қоидабузарлик аниқланган.

Аввалроқ Самарқанд вилояти ҳудудида 2020 йил содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 2019 йилга нисбатан 64 тага камайгани, шунингдек, ЙТҲларнинг 235 таси тезлик оқибатида содир бўлгани таҳлил қилинганди.