Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов Президент томонидан белгиланган вазифаларни уч ой ичида бажаришга ваъда бериб, лавозимида қолди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Фото: Мадина Нурман / “Дарё”

Президент Шавкат Мирзиёев туманлар ҳокимлари қатнашган мажлисда Юнусободнинг 63 та маҳалласининг янги иш тизимини муҳокама қилди.

Махсус ишчи гуруҳ маҳаллаларнинг ривожланиш даражаси, мавжуд муаммолари ва имкониятларини ўрганиб чиқди. Бош вазир ўринбосарлари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Юнусобод туманини ривожлантиришнинг 2021—2022 йилларга мўлжалланган комплекс дастурини тақдим этди.

Худди шундай иш тизимини Тошкентнинг бошқа туманларидаги маҳаллаларда ҳам жорий этиш режалаштирилган. Бу ҳақда гапирганда, Президент Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметовни лавозимидан озод этиш ҳақида ўйлагани, аммо ҳоким уч ой ичида топшириқларни бажаришга ваъда берганини айтди.

«Мен Чилонзор тумани ҳокимига у қолиши ёки қолмаслиги тўғрисида кўрсатма бердим. Уни лавозимидан озод қилмоқчи эдим, лекин у ёлвориб, буни уч ой ичида бажара олишини айтди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Сарвар Маҳаметовни мақтагани ва унинг «адвокати» сифатида ҳаракат қилганини айтди.

«У телевизорда аҳолига Чилонзорда нималар ўзгарганини айтиши керак. Тушунарлими ёки йўқми? Менга мақтов керак эмас, адвокат бўлиш ҳам шарт эмас», — деди Шавкат Мирзиёев пойтахт ҳокимига мурожаат қилиб.

Август ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг бешта тумани ҳокимларига, жумладан, Чилонзор тумани раҳбарига «пандемия пайтида аҳолидан келиб тушган кўплаб шикоятлар ва топшириқларнинг ўз вақтида бажарилмаганлиги» учун ҳайфсан берганди.

Сарвар Тошматович Маҳаметов Чилонзор туманига 2018 йил октябрь ойидан бери ҳокимлик қилиб келмоқда.