Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби яна иккита трансферни эълон қилди.
«Пахтакор»ни эркин агент мақомида тарк этган Жавоҳир Сидиқов «темир йўлчилар» аъзосига айланди. Шунингдек, ҳимоячи Хуршид Мухторов ҳам «Локо» сафига қайтган.
Сидиқов «Пахтакор» тарбияланувчиси ҳисобланиб, 2016 йилдан буён Суперлигада тўп суриб келади. Маълум муддат «Қўқон-1912»да ижара асосида ҳаракат қилган Сидиқов сўнгги икки мавсумни «шерлар» билан ўтказганди.
Мухторов 2016 йилда «Локомотив»да тўп сурганди. Кейинчалик футболчи ОКМК, «Насаф» ва «Навбаҳор»да ҳаракат қилди. 2020 йилги мавсумни наманганликлар сафида ўтказган футболчи тўрт йил ўтиб яна пойтахт клубига қайтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Локомотив» ўз сафини «Бунёдкор» етакчилари Ислом Қобилов ва Санжар Қодирқулов билан кучайтирган, шунингдек, Садриддин Абдуллаев жамоага қайтганди. Янги мавсумда жамоани португалиялик мутахассис Микаэл Секейра бошқаради.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)