Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида болаларга ноқонуний диний таълим бериш билан бирга уларни калтаклаган шахсга нисбатан жиноий иш очилди, деб хабар бермоқда UzReport-TV.

Кадр: Видеодан скриншот

Қайд этилишича, 2020 йил декабрь ойида Шайхонтоҳур тумани «Жанггоҳ» маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи А. исмли фуқаро ўз яшаш жойида ноқонуний тарзда ҳужра ташкил қилиб, болаларга диний таълим бергани аниқланган.

Ислом таълимотидан сабоқ берган шахснинг ушбу фаолиятга рухсати ва маълумоти бўлмаган. Айбланувчи вояга етмаган болаларга таълим бериш жараёнида уларнинг тана аъзоларига ошхона ўқлови билан уриб, турли даражада жароҳат етказган.

Болаларнинг ота-оналари диний таълим учун айбланувчи шахсга 150-200 АҚШ доллари бериб турган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўрта даражада шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон фуқароларини Суриядаги террорчилик ташкилотига жўнатишда гумон қилинган шахс ушлангани, Самарқандда болаларга ноқонуний диний сабоқ бераётган шахс қўлга олингани ҳамда Тошкентдаги ноқонуний диний мактабларда болалар калтакланиб келингани аниқлангани ҳақида хабар берилганди.