Америка ҳукумати аъзолари Дональд Трампни муддатидан аввал ҳокимиятдан четлаштириб, давлат раҳбари ваколатларини вице-президент Майк Пенсга топшириш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда CBS телеканали ўз манбаларига таяниб хабар берди, деб ёзади «РБК».

Фото: Global Look Press

Телеканал мухбири жонли эфирда маълум қилишича, унинг ҳамсуҳбатлари сўзларига кўра, Трампни ҳокимиятдан четлатиш бўйича якуний қарор қабул қилинганича йўқ, бундай режалар муҳокама босқичида турибди, холос. Ижро этувчи ҳокимият тизимидаги иерархияга мувофиқ давлатдаги иккинчи шахс бўлган АҚШ вице-президенти Майк Пенс билан бу мавзу муҳокама қилинганича йўқ.

Дональд Трампнинг ҳокимиятдан четлатилиши АҚШ Конституциясига киритилган 25-тузатиш асосида юз бериши мумкин. У давлат раҳбарининг лаёқатсизлиги ҳолатида бундай эҳтимолни назарда тутади. Бу ҳолатда унинг ваколатларини янги президент сайлангунича вице-президент бажаради.

CNN қайд этишича, Вакиллар палатасининг Суд қўмитаси Пенсга ва Вазирлар Маҳкамасига йўналтирилган мурожаатида Дональд Трамп руҳан носоғлом эканини билдирган. «Ҳатто бугун кундузги видеомурожаатида ҳам президент Трамп соғлом ақл соҳиби эмаслигини, 2020 йилги сайлов натижаларини ҳамон қабул қила олиш ҳолатида эмаслигини намойиш қилди», — дейилади мурожаатда.

Президент ваколатларини муддатидан аввал тугатиш имкониятини муҳокама қилиш Вашингтондаги тўқнашувлар фонида бўлиб ўтмоқда, у ерда Трампнинг тарафдорлари АҚШ Конгресси биносини шиддатли ҳужум билан эгаллади. Бу вақтда Америка парламентида президент сайлови натижалари тасдиқланиши керак бўлган мунозаралар ўтказилаётган эди. Норозилик акцияси иштирокчиларини бир неча соатдан кейингина кўзни ёшлантирувчи газ ёрдамида конгресс биносидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп тарафдорлари 6 январь куни Вашингтондаги Конгресс биносига бостириб кирди. Улар Сенат ва Вакиллар палатаси аъзоларининг президент сайлови якунларини тасдиқлаш бўйича ўтказаётган қўшма мажлисини тўхтатиб қўйди. Президент сайловида демократлар номзоди Жо Байден ғалаба қозонган эди.

Тўқнашувлар вақтида тўрт киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида Капитолий биносида ўқотар қуролдан яраланган аёл ҳам бор. Ушбу маълумот Вашингтон шаҳар полиция департаменти томонидан тасдиқланди. Яна бир неча киши, жумладан, полициячилар тан жароҳати олган. Жабрланувчилардан бирининг аҳволи оғир экани айтилмоқда — у Капитолий деворига чиқишга уринган вақти 10 метр баландликдан тушиб кетган.

Капитолийни эгаллаб олган одамлар махсус кучлар томонидан тарқатиб юборилди. Камида 52 киши қўлга олинган. Орадан бир неча соат ўтиб, тартиб қайта тиклангач, сенатор ва конгрессменларнинг қўшма мажлиси қайтадан бошланди.