Украинанинг Сарни шаҳрида ностандарт Mercedes-Benz G-Class сотувга қўйилди. Саккиз ғилдиракли лимузинга айлантирилган «Галендваген» 38 минг долларга баҳоланмоқда, деб хабар беради CARakoom.

Фото: «Autoria»

Тюнингга учраган ушбу машинанинг асосини 2000 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz G500 ташкил этади. Автомобиль устида ишлар 2018 йилда Днепропетровск вилоятида бошланган. Усталар йўлтанламасни ҳашаматли лимузинга айлантиришга муваффақ бўлган.

Фото: «Autoria»

«Гелик»нинг ўзига хос яна бир жиҳати — йўловчилар учун мўлжалланган эшиги юқорига қараб очилади. Сотувчи эълонга автомобиль салонининг суратларини жойлаштирмаган бўлсада, унинг ичида қулай диван, плазма ва мини-бар борлигини тахмин қилиш мумкин. Чунки ушбу лимузин тўйлар ва бошқа тадбирлар учун ижарада ҳаракатланган.

Фото: «Autoria»

Аввалроқ Москвада олти ғилдиракли «Гелик» қарийб 1 млн доллар қийматида сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.