2021 йилда либос, пардоз ва соч турмакларида янгиликлар юз бериши табиий. Энг катта ўзгаришга сабаб бўлувчи соч турмакларининг қайсилари кўпроқ урфга қайтишини эса юлдузлар мисолида кўриб чиқиш мумкин.
Натали Портман
Боб-каре
Боб-каре сочлар бир неча йилдан буён асосий тенденциялар рўйхатига киради. Эҳтимол, ушбу соч турмаги қулайлиги учун ҳам ҳеч қачон урфдан қолмас. Боб-каре ҳар қандай соч турига мос келади. Текис ва тўлқин соч толасига эга аёллар ушбу турмакдан унумли фойдаланиши мумкин. Ушбу турмак юз овалини тўғирлайди, нуқсонларни яширишга ёрдам беради. Айниқса, думалоқ юзлилар учун жуда ўринлидир. Калта ва қулай соч турмагига ишлов берган ҳолда байрам зиёфатларида ҳам иштирок этиш мумкин.
Узун сочлар
Узун сочлар ҳеч қачон модадан қолмаслиги шубҳасиз. Ҳар қандай гўзал хонимлар ҳам узун сочлари бўлишини чин дилидан хоҳлайди. Айримлар бу борада улама сочлардан ҳам фойдаланади. Лекин сартарошнинг тажрибаси туфайли уларни сезиш жуда қийин. Маълум бўлишича, 2021 йилда узун ва силлиқ сочлар кўпроқ урфда бўлади. Бироқ бу каби сочларни эҳтиёткорлик билан парвариш қилиш талаб этилади. Махсус ниқоблар, озиқлантирувчи воситалар ва албатта, тўғри овқатланишни ҳам унутмаслик зарур.
Скарлетт Йоханссон
Гарсон
Янги йилда рўй берадиган ўзгаришлар биринчи бўлиб, соч турмагидан бошланади. Шунингдек, ҳаётда ҳам кўпчилик стрессдан чиқишнинг энг яхши йўли сифатида соч турмакларини ўзгартиради. Гарсон турмаги ёки бошқача қилиб айтганда, ўғил болаларнинг соч турмагига ўхшаш сочлар ўзгаришдан қўрқмайдиган, жасур ва тажрибаларга тайёр турадиган аёллар учун айни муддао. Гарсон турмагида бошнинг орқасидаги сочлар жуда қисқа, юқорида эса бир оз узунроқ бўлади. Гарсон турмаги юзнинг хусусиятларини ҳамда узун бўйинни алоҳида таъкидлайди.
Женнифер Энистон
Каскадли турмак
Катта ўзгаришларга дуч келмасдан ташқи кўринишни янгилашнинг энг осон усули — каскадли турмакдир. Каскад соч турмагида сочларнинг узунлиги деярли сақланиб қолади ва шунчаки уларга бироз ишлов берилади. Каскаднинг камчилиги шундаки, уни ҳамиша тузатиб туриш керак. Шунингдек, бу турмак кундалик услубга кўпроқ мос келади. Аммо турмак аёлнинг ёшини икки-уч йилга ёшроқ кўрсатади. Исбот учун йилдан йилга ёшариб бораётган Женнифер Энистонга қараш мумкин.
Изоҳ (0)