Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Пойтахтда ижарада яшаш... Ишончли уй ва маклер қидириб сарсон бўлиш. Икки қўлда чамадон билан учинчи, тўртинчи қаватга лифтсиз чиқиб-тушиш. Бунинг қанчалар қийинлигини Тошкентда ижарада туриб ишлаётганлар, талабалар, айниқса, қизлар яхши тушунади.

16 ноябрдан бошлаб талабаларнинг анъанавий ўқишга қайтиши муносабати билан уй эгалари ижара нархларини яхшигина оширди. Августда 200 доллар атрофидаги (ўртача таъмирланган, икки хонали) уйлар ноябрга келиб 300-350 доллардан бир сўм камига берилмайдиган бўлди. Яна ўлганнинг устига тепгандай, маклернинг хизмат ҳаққи ҳам бор.

Хуллас, уйларга талаб ошиб, маклерларнинг ошиғи олчи бўлган бир пайтда мен ҳам ижара муаммосига дуч келдим. Таниш билишлардан сўраб-суриштирсам, ноинсоф уй эгаларидан тортиб, ёлғончи маклерларга дуч келган ёлғиз одам эмаслигимни билдим.

Қисқа қилиб айтганда, шу воқеа сабаб Тошкентда ижарада туришнинг ўзига яраша қонун-қоидалари, машаққатларини вилоятликлар ҳаёти мисолида ёритишга қарор қилдим.

Дастлаб ўзимнинг ҳикоямдан бошлайман.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«300 доллар бериб, ўйнашингни олиб келиб яшасанг ҳам майли»

15 августдан бошлаб, Ўзбекистонда карантин қоидалари юмшатилганидан сўнг, Тошкентга ишга қайтдим. Шеригим билан илгари ижарада турган уйимизда яшай бошладик.

16 ноябрда талабаларнинг анъанавий ўқишга қайтган пайтида уй эгаси келиб «Нархлар ошиб кетди, энди 300 доллардан берасизлар», деб шарт қўйди (аввал 250 доллар эди). Яна уйда биз билан набираси ва унинг дугоналари туришини, у истаган жойида дарс қилишини, биз эса ҳеч қачон қаршилик қилмаслигимизни тайинлади.

Табиийки, рози бўлмадик. Уй эгаси «Бўлмаса, икки кунда бошқа жой топиб, чиқиб кетинглар», деди. Энг қизиғи, ўша куни 21 ноябрь, биз эса ойнинг 27-санасигача ижара ҳақини тўлаб қўйгандик.

Хуллас, шерикларимиз билан уй қидиришга тушдик. Айни талабалар қайтган пайт, квартираларнинг аксарияти тўлиб бўлган. Маклерларга телефон қилсак, ҳеч қандай шароити бўлмаган (шкаф, ётоқ йўқ, фақат гилам тўшаб қўйилган) хоналар борлигини айтади. Яна битта кичкина хонага учта қиз қўйишини таъкидлайди.

«Хозяйка»сиз уйларнинг нархи қиммат. Майли, тураверамиз десак ҳам аксарияти қиз болалигимизни эшитиб рози бўлмайди. Хонадон фақат оилага берилишини айтади.

Фото: «Olx.uz»

Фото: «Olx.uz»

Olx.uz сайти орқали ҳам квартира қидирсак, битта уйнинг расми бошқа-бошқа манзилдаги хонадонларга қўйилган ўнлаб эълонларга кўзимиз тушади. Ёққанларига телефон қилсак, маклер уй сотилиб кетганини, истасак бошқа уйларни кўрсатишини айтади. Аммо кўрсатилган уйлар айтилган нархга арзимайди.

Хуллас, анча кун жой қидириб, хуноб бўлдик. Ва ниҳоят шеригим таниши орқали 300 долларга уй топди. Бироқ уй нархини 250 долларга тушириб беришини сўраганида, уй эгаси «300 доллар бер, сени безовта қилмайман, ўйнашингни олиб келиб яшасанг ҳам майли», дебди. Очиғи, бу гапдан ёқамни ушлаб қолдим.

Хайриятки, бу орада бошқа жой топилиб, шеригим гаплашган ўша уйга кўчмадик.

«Уй эгаси мени иккинчи хотин қилиб олмоқчи бўлган»

Муяссар Юсупова, тикувчи, 46 ёшда. Қорақалпоғистондан. 18 йилдан буён Тошкент шаҳрида ижарада яшайди.

18 йил ижарада турган бўлсам, тўрт марта уй эгалари уйдалигимизда калит билан очиб, индамай кириб келган.

Биттаси 65 ёшли рус чол, 65 ёшли ўзбек онахон, 40 ёшли рус эркак ўғли билан «Уйимдаги жанжалдан безор бўлдим. Буям ўз уйим» деб, 00:30 да келиб ўтириб олишган. Шунга уйдан чиқиб кетишга мажбур бўлганман.

Биттасида эса уйдан қочиб кўчиб кетишга тўғри келган. Ўшанда икки йилдан бери ижара турган уйимни ёш йигит сотиб олган. Болаларим билан ўтирганимда индамай, бир-икки марта келиб-кетган. Сабабсиз келишидан ҳайрон бўлганман, лекин келма, дея олмаганман.

Бир куни у йигит дангал «Менга иккинчи хотин бўласан, тагимда Lacetti, мен билан эртага тоққа дам олгани кетасан», деб айтган. Уйдан чиқиб кетишини айтганман. Лекин бу ўзимнинг уйим, ҳеч қаерга чиқиб кетмайман, деб туриб олган.

Энг ёмони, бу воқеа 13 яшар ўғлимнинг олдида бўлган эди

Унда мен кўчиб кетаман, дедим. Ишонмади шекилли, кулиб, «Олдинги уй эгаси зўрға кун кўрганинг учун савобга қўйганини айтди. Ўзи камбағал бўлсанг, нимангга ноз қиласан?, — деб кетган.

Ижарага уй топдим. Ҳозир кўчяпман деб қўнғироқ қилсам, ишонмай маклернинг рақамини сўраган, берганман. Кейин уйга етиб келиб, «кўчманг опа» деб илтимос қилган. Мен унинг гапларига ишониб, яна ўша уйда қолганман. Бироқ эртасига хато қилганимни тушунганман.

Маклерга тезда телефон қилиб, уй топганман. Кўчаётганимни кимдан эшитган, билмадим, уйга етиб келиб, мебелларимни олиб кетишга имкон бермаган. Ноилож «дом»имизнинг пастидаги дўкончига тушиб, у хоҳлаган нархга сотишга мажбур бўлганман.

Магазиннинг олдида келиб, мени машинасига судрамоқчи бўлган. Қўлини силтаб, юзига шапалоқ тортиб юборганман.

Хўрлигим келиб йиғлаб юборганман. Қанийди кучим етганида пачоғини чиқариб қўярдим. Ўша пайтлари ўғил бола бўлиб туғилмаганимга қаттиқ афсусланганман.

Хуллас, шундай қилиб, ўғилларим билан қўлда иккита кўрпача, чойнак-пиёла кўтариб, кўчиб кетишга мажбур бўлганмиз.

Фото: Google Images

Фото: Google Images

«Бир йил ичида еттита уй алмаштирдим»

Ҳабиба Усмонова, таржимон, 25 ёшда. Наманган вилоятидан. Бир йилдан буён Тошкентда ижарада яшайди (Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра исм-фамилияси ўзгартирилди).

14 ёшимдан бери ижарада яшайман. Сабаби 9-синфни битирганимдан кейин шаҳардаги коллежга ўқишга борганман. Шу пайтдан мен учун ижара ҳаёти бошланган. Уч йил давомида учта квартирада турганман.

Биринчи ҳовли коллежимга яқин жойда эди. Унда 30 тача қиз турарди. Иккинчи босқичлигимда ўзим ишлайдиган дўкон эгаси бўлган холанинг уйида турганман. Учинчи курслигимда эса репетиторга яқин бўлиши учун яшаш жойимни ўзгартиришга тўғри келган. Шундан кейин ўқишга кирдим. Ўқиш даврида ҳам ижарада яшадим.

2019 йил Тошкентга келганимдан сўнг, ижарадаги ҳаёт қийинчиликлари бошланди.

Бошида ёлғиз ўзим яшамоқчи бўлганман, бироқ умуман жой тополмаганман.Чунки сентябрга яқинлиги учун уйларнинг нархи қиммат бўларди. Имкониятим етмасди. Шу боис танишимнинг онаси билан яшаганман. Жудаям яхши хола эди. Лекин яшаётганим жойим ишим ва ўқишимга узоқлик қилгани учун яна бошқа уй қидиришга мажбур бўлганман.

Иккинчиси ҳовли бўлган. Уй эгаси дугонам иккимизни бирга қўйган. Биздан ташқари яна иккита оила ҳам яшарди (албатта, алоҳида ажратилган уйларда). Дугонам билан 150 доллар берардик. Берган пулимизга уйнинг шароити арзимасди, хонамиз совуқ эди.

Яна бошпана излай бошладим. Бу сафар энди ўзим ёлғиз турмоқчилигимни айтганимда, «Вой, сиз қиз боласиз, битта ўзингизни қўймаймиз. Худо билади, нима иш қиласиз», деб очиқчасига юзимга айтганлар кўп бўларди.

Рози бўлганларининг эса ижара нархлари 300, 400, 500 доллар атрофида бўларди. Табиийки, ҳам ўқиб, ҳам ишлаётган қиз учун бу сумма анча қимматлик қилар, бор ойлигимни ижарага тўласам, яшашим, еб-ичишим, уйга жўнатишим учун ортиқча пул қолмасди.

Шундай қилиб, жой топгунимча ҳамкасбим Гулчеҳра опанинг уйида яшаб турдим.

Фото: Olx.uz

Фото: Olx.uz

Ҳар куни уй қидирардим. Баъзида кунига 20-25 талаб маклер, уй эгалари билан гаплашардим. Нимасинидир пули, баъзиларининг жойи тўғри келмасди. Кимдир бир ўзимни қўйишга рози бўлмасди.Хуллас, бир амаллаб шерикликка уй топдим. Аслида уй уч хонали эди. 100 долларга бир хонасини менга берадиган бўлишди. Иккита шерик билан яшай бошладим.

Таржимонман, кўпинча кечаси ҳам ишлашга тўғри келарди. Шу боис шериклар билан чиқишиш қийин бўларди. Яна уй излашга тушдим.

Ўша пайт карантин, квартиралар анча арзонлашганди. 27 апрелда осонгина уй топдим. 200 долларга ҳеч нарса демай, бир ўзимни қўядиган бўлди. Жудаям хурсанд эдим. Тезда кўчиб кирдим. Лекин орадан бир ой ўтгандан кейин уй эгаси «бўлди, энди менга 250 доллардан берасан», деб нархни бирданига ошириб олди. Яна 500 минг сўм тўлаб туришим мумкин эди, лекин квартира эгасининг субутсизлик қилгани жаҳлимни чиқарди. Бўлди, чиқиб кетаман деб, уйни топиб берган маклерга телефон қилиб, вазиятни тушунтирдим.

У менга бошқа уй топиб берди. Бориб кўрдим. Очиғи, шароити унчалик яхши эмасди. Ёқтирмадим. Аммо ноилож, майли нима бўлса ҳам яшайвераман, деб тезда кўчиб кирдим.

Афсуски, у уйда уч кундан ортиқ туролмадим. Чиқиб кетаман десам, биринчи кундаёқ 200 доллар бериб қўйгандим. Уй эгаси билан гаплашсам, у пулимни қайтариб бермаслигини айтди.Аммо маклер орага тушганидан сўнг, уч кун турганим учун 50 доллар олиб қолиб, 150 доллар қайтариб берди.

Шунча қийинчиликлардан кейин ниҳоят 200 долларга ҳамма шароитларига эга ҳозирги квартирамни топдим. Уй эгаси ҳам яхши. Худога шукур, олти ойдан сўнг қўним топдим. Ҳозир жудаям хурсандман.

Айрим маклерларнинг инсофсизлиги, йўғ-э, фаолияти ҳақида ҳам икки оғиз.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Маклерлар қайси қимматли хизмати учун 50 фоиз ҳақ олади?

Дилрабо Акрамова, журналист, 32 ёшда. Фарғона вилоятидан. Уч йилдан бери Тошкентда ижара яшайди.

2017 йил оиламиз билан Фарғонадан кўчиб келдик. Янги оила, янги ҳаёт, табиийки, ўзига яраша муаммолар бор. Энг катта муаммомиз уй эди. Насиб этса, унга ҳам эришармиз, деган яхши ният бор.

Бугунга қадар саккиз жойга кўчдик. Ҳар бир кўчиш ўзига хос тарихига эга. Бирида уйнинг совуқлиги, бирида уй эгасининг уйни сотгиси келиб қолиши, бошқасида ремонтнинг жуда эскириб кетгани, баъзан ўзидан-да номи хунук ҳашаротларга таланиш сабаблари туфайли бирида истаб, бирида истамай уйни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганмиз.

Аввал битта фарзанд, кейин иккинчиси, хуллас, чақалоқ билан ҳам кўч-кўрон кўтариб юрдик ва ҳали-ҳамон шу жараён давом этмоқда. Уйдан чиқиб кетишдан аввал борадиган жойингиз аниқ бўлиши керак. Шунинг учун ўз-ўзидан риэлторларга ишингиз тушади. Уларга телефон қилиб, маклермисиз десангиз, риэлтор деб норози оҳангда хатойингизни тўғрилаб ҳам қўйишади.

Қишга яқин, айниқса, талабалар Тошкентга қайтадиган сентябрь ойида ижара нархлари шу даражада ошиб кетадики, лабингизга учуқ тошади. Эр-хотин боламизнинг бирини етаклаб, иккинчисини кўтариб, уй бозорга йўл оламиз.

Биз сўраган ўртача нархни эшитиб, маклерлар ҳатто саломимизга алик олмайди. Ажи-бужи ёзилган эълонларни кўрамиз, деярли бутун бозорни айланиб чиқамиз. Камида уч марта борамиз, кейин бирор умид пайдо бўлади.

Квартирани алмаштириш ҳар қандай ижарачига оғирлик қилади.

Чунки 50 фоиз маклернинг хизмат ҳаққи бор. Келинг, реал суммада мисол келтираман. Масалан, ҳозир оддийроқ, ўртача ижара уй 200 доллар, унинг маклер хизмати сумманинг ярми, яъни 100 доллар. Сизни манзилга олиб келиб, уйни кўрсатади, шу билан маклер ўйиндан чиқади.

Энди ўйлаб кўрайлик, у қайси қимматли хизмати учун бу пулни олади?! Бу пулдан солиқ тўламайди, югур-югур қилмайди, ҳатто сизни уйни кўргани олиб келганда ҳам йўлкирасини ўзи тўламайди.

Бир куни уй бозорда четда сиқилиб тургандим. Турмуш ўртоғим бир гала маклер ичида уй расмларини кўраётганди. Шу пайт «Маданият ва маърифат» телеканали очилганда биз билан бир муддат ишлаган собиқ ҳамкасбимни кўриб қолдим. Ёши мен қатори. Сўрашдик. Бўйнига уй эълонларидан осиб олган. Бошида ҳайрон бўлдим.

У ойликлар пастлигидан касбини ташлаб, маклерликка ўтиб кетганини айтди. Бу ерда унга ўхшаб ўз касбини ташлаб, бу соҳага ўтиб кетганлар кўп экан. Демак, тушум яхши. Мен бу гапим билан ҳамкасбимни айбламоқчи эмасман. Унинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор.

Телевидение соҳасида ишлайдиганларни, айниқса, журналистларни ҳамма пули бор, муаммоси йўқ, шоҳона яшайди деб ўйлайди. Лекин мен каби уйсиз журналистлар атрофимда талайгина. Уй, кўчиш, прописка муаммоси ҳолдан тойдирган. Прописка муаммоси ҳозир ҳал бўлди, бироқ ҳали уйимиз йўқ.

Уй сотиб оладиган бўлсангиз, 5 ёки 10 фоиз маклернинг хизмат ҳаққини ҳам қўшиб тўлайсиз.

Дунё бозорида риэлторлик хизматлари мижозга уй топиб бергандан сўнг унинг ҳужжатлари билан ҳам шуғулланади. Лекин бизда унақа эмас. Маклерлар сизга уй топиб бергани учун камида таъзим қилиб, ҳаққини бериб кузатиб қўясиз.

Маклерлар билан муаммо, тортишувлар бўлмаган, лекин камдан кам одам уларга рози-ризочилик билан пул берса керак. Чунки ижарачи инсонга ҳеч қачон осон бўлмаган. Мен уларни текинга ишласин демоқчи эмасман, лекин ҳеч бўлмаса 20 фоизга, ана боринг 30 фоизга ишласа ҳам улар яхшигина пул топади.

Мен бозорда риэлторларнинг бўлмаслиги ҳам тарафдори эмасман. Улар билан ишимиз битиши осонлашади. Ҳамма гап улар ўз хизматига жуда баланд баҳо қўйиб олганида.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Ижара ҳаққини бермаганим учун кечаси 21:00 да уйдан чиқариб юборишди»

Мубина Назарова, журналист, 25 ёшда. Андижон вилоятидан. Икки йилдан бери пойтахтда ижарада яшайди (Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра исм-фамилияси ўзгартирилди).

Қиз бола бўлганим учунми, билмадим, ижарадаги ҳаёт қийинчиликларини кўп кўрганман. Мусофирчиликда уй эгаларининг қош-қовоғига қараб яшаш, қиз боланинг ёлғиз боши билан ҳали у квартирадан, ҳали бу квартирага кўчиб юриш қанчалар ёқимсиз ҳолат эканини яхши тушунаман.

Келинг, гапларимни исботи сифатида бир йил олдин бўлиб ўтган воқеани айтиб бераман.

Университетнинг тўртинчи босқичида ўқирдим. Табиийки, тўртинчи курслар учун ётоқхона берилмайди. Ўқишимга яқин жойдан ҳовли топиб, кўчиб ўтдим. Ҳамма шароитлари яхши эди. Аммо ҳаво совиб, қиш яқинлашиб қолганда уй эгасининг хурмача қилиқлари чиқишни бошлади.

У саҳар туриб, иссиқлик қувурларини ўчириб қўяр, эрталаб совқотиб уйғонардим. Энг ёмони, ювинаётиб ҳам илиқдан совуқроқ бўлган сувдан фойдаланишимга тўғри келарди.

Бир куни уй эгасидан совуқ уйда касал бўлиб қолаётганимни, газни саҳар ўчириб қўймаслигини сўраганимда, у ёқмаса уйдан чиқиб кетишимни айтди. Ноилож бошқа ижарага уй қидира бошладим.

Бир неча кун ўтиб, маклер орқали уй топдим. Рус аёл уйининг бир хонасига квартирант қўймоқчилигини, истасам бориб кўришимни айтди. Рози бўлиб, бориб кўрдим.

Хонанинг шароитлари яхши эди. Уй эгаси келгунимча шкафни ва хонадаги ортиқча буюмларни бўшатиб беришини айтди. Пулига келишдик, эртасига нарсаларимни йиғиштириб, кўчиб бордим.

Сумкамни олиб кириб қарасам, хона ортиқча буюмлардан тозаланмаган, аксинча, тувакдаги гулларга тўла эди. Энг ёмони, каравотимнинг олдида тикув машинаси ҳам бор эди.

Жойлашаётганим пайтим уй эгаси келиб, шкафдаги буюмларига тегмаслигимни, истаган пайти хонага кириб, тикув машинасидан фойдаланишини айтди. Индамай, нарсаларимни жойлайвердим.

Хонада гулларнинг қуриган барглари тушиб қолганди. Хонани тозаламоқчи бўлиб, чанг арткични сўрадим. Аммо аёл бир неча кун аввал хонамни тозаланганини айтиб, рози бўлмади.

Нима сўрасам, ёқтирмай жавоб бера бошлади.

Бу ёқда маклер уйни топиб бергани учун ижара ҳақининг 50 фоизини сўраётганди. Унга вазиятни тушунтирсам, «Йўқ, у аёл ундай эмас, сен адашяпсан. Ҳали чиқишиб кетасизлар», деб пулни тезроқ беришимни айтди.

Билдимки, нияти пулни тезроқ олиш, яшашим билан иши йўқ. Кечга пулни бераман дедим-да, кўчага чиқиб кетдим.

Уйдан кетай десам, жойим йўқ. Қолай десам, уй эгаси билан узоқ яшашимга кўзим етмади. Хуллас, анча пайт нима қилишимни билмай айланиб юрдим. Бу орада уй эгаси ва маклер тинмай қўнғироқ қилиб, пулни тезроқ беришимни сўрайверарди. Нима бўлса бўлди, уйда турмайман дедим. Аммо турмаслигимни айтсам, улар уйни банд қилганим учун пул сўрашлари аниқ эди. Бир хийла ўйладим.

Кечки пайт уйга бориб, бор пулимни контрактимга тўлаб қўйганимни, беш кундан кейин стипендиям тушса, ижара ҳаққи ва маклер пулини беришимни айтдим. Аммо уй эгаси ҳам, маклер аёл ҳам рози бўлмади. Пулимизни бермасанг, ҳозир уйдан чиқиб кетасан деб туриб олишди.

Ўша пайт соат 21:00 дан ўтган, қор тинмай ёғарди. Опамни чақирдим. Келиб, мени уйига олиб кетди.

Машинада кетарканман, тинмай хаёлимдан «Менику бу ерда яқиним, қўлимда пулим бор. Агар ўрнимда пулсиз, бирор яқини йўқ одам бўлганида нима бўлар эди?», деган ўйлар ўтарди. Ўша пайтда биров учун бировнинг ҳаёти қанчалар қадрсиз эканини англаганман.

Ўқиганларингиз ҳаммаси эмас, бор-йўғи хамир учидан патир холос. Ҳали мавзуга яна қайтамиз.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди

Изоҳ
Асосий янгиликлар