Ижтимоий тармоқларда Бухоро тумани «Работипоён» маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Қоракўл тумани «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳолининг газ таъминоти тизимидаги муаммолардан норози бўлиб, машина йўлини тўсиб, катта кўчага чиққани тасвирланган видеолавҳалар тарқалди.

Фото: «Дарё»

Воқеа тафсилотини ўрганишни мақсад қилган «Дарё» мухбири «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиалида бўлди.

Филиал масъулларига кўра, ҳаво ҳароратининг пасайиши оқибатида айрим аҳоли пунктларини табиий газ билан таъминлашда уч-тўрт кунлаб босим пасайиши кузатилган. Бундай вазиятнинг юзага келишига эса «Соҳибкор» газ тақсимлаш станциясидаги иккинчи жўмракнинг ёпилиши сабаб бўлган. Натижада ҳудудга табиий газ етказиб берувчи қувурларда босим 6 дан 1,8 атмосферага тушиб қолган. Натижада 1,3 мингдан зиёд аҳоли хонадони газ таъминотида қийинчиликларга дуч келган.

Фото: «Дарё»

Суриштирув жараёнида «Дарё» мухбири «Работипоён» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Шолғомхўрон қишлоғининг бир нечта аҳолиси билан суҳбатда бўлди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдусамад Халилов масъулларнинг «ҳаво совуши туфайли уч-тўрт кун газ босими пасайди» деган гапини инкор қилди.

Абдусамад Халилов. (чапдан биринчида)

Фото: «Дарё»

«Пасайди эмас, олти кун умуман газ бўлмади. Халқ бекордан-бекорга ҳеч қачон кўчага чиқмайди. Ахир чақалоқлар бор, ёш-у қари бор, ногиронлар-у беморлар бор. Коронавирус билан хасталаниб ётган оиламиз бор. Бўлди, мен яхшиси, ортиқча сўзламоқчи эмасман. Энди бунга ҳожат йўқ, чунки керакли жойга чақиришди, «тушунтириш» бўлди, биз ҳам тушунтириб бердик. Шунинг учун мен сизлардан узр сўрайман... Аҳолининг кўчага чиқиши бўйича кеча прокуратурага чақиришганди, кундузи соат 11:00 да кирганимиз, кечки 16:00 гача прокуратурада қолиб кетдик. Ҳозир ҳам шу ёққа кетаяпман», — деди маҳалла раиси Абдусамад Халилов.

Ҳайит Қодиров.

Фото: «Дарё»

Ушбу маҳаллада яшовчи Ҳайит Қодиров эса қишлоқда саккиз-ўн кун газ бўлмаганини, газ босими кескин пасайганини айтди.

«Шунинг учун аҳоли норозилик билдириб, кўчага чиққан. Муаммони айтганимизда, келишди, ваъда беришди, лекин ваъда устидан чиқилмади. Халқ шунинг учун ҳам норозлик билдирди. Бундан олдин табиий газ таъминотида ҳеч қачон бундай муаммоларга дуч келмаганмиз. Айни пайтда ҳеч қандай муаммомиз йўқ», — деди Ҳайит Қодиров.

Иброҳим Йўлдошев аҳолининг норозилигидан кейин қишлоққа юқори босимли газ берилганини билдирди.

«Ҳавонинг кескин совиши сабаб ‘Ўзтрансгаз’ акциядорлик жамияти Когон магистрал газ қувурлари бошқармаси томонидан хонадонларга етарли даражада газ берилмаган ва бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлган. Айрим хонадонларда табиий газ таъминоти пасайиб, айримларида эса умуман ўчиб қолган. Бундан ташқари, аҳоли хонадонлари ўрганилганда, табиий газ қувурларининг нотўғри уланиши сабаб табиий газ суюқлигининг печларгача етмай қолиш ҳолатлари аниқланди. Ҳозирги кунда ‘Работипоёнъда ҳеч қандай шикоят йўқ», — деди «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали Бухоро туман бўлими бошлиғи Жаҳонгир Жумаев.

Фото: «Дарё»

Қоракўл туманидаги Когон магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли Қоракўл газ тақсимлаш станциясидан тумандаги истеъмолчиларга 6 атмосфера босими остида етказиб берилаётган табиий газ тақсимлаш станциясидаги 2-рақамли жўмрак орқали 1,8—2 атмосферага қисқартирилиши натижасида хонадонларга берилаётган табиий газ таъминоти тўхтаб қолган. Бу эса тумандаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган.

Маълум бўлишича, «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали ходимлари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда сектор раҳбарлари билан биргаликда аҳоли билан учрашув ўтказилиб, уларнинг шикоятлари тингланган. Газ таъминоти билан боғлиқ юзага келган масалаларни бартараф қилиш учун барча зарур чоралар кўрилган.

Қоракўл туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарига кўра, мазкур ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилган ҳамда натижада «Дўстлик» МФЙдаги 762 нафар истеъмолчи табиий газ билан таъминланган. Шундан 385 нафар истеъмолчида фойдаланилган табиий газ учун 45 миллион 44 минг сўм дебитор қарздорлик мавжудлиги аниқланган.

Фото: «Дарё»

Об-ҳавонинг кескин совиши туфайли ажратилган табиий газ ресурсига нисбатан газ истеъмоли ҳажми ошиб кетиши натижасида қувурларда босимнинг пасайиши кузатилган. Шунингдек, аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан қувурларга қўлбола қурилмалар ўрнатилгани газ тақсимотига сунъий таъсир кўрсатган.

«Газ ва электр энергияси таъминоти тўхтатиб қўйилгач, норозилигимизга сабаб бўлди-да! Ҳозирда айрим хонадонлардаги газ қувурларига уланган сунъий сўрғичларнинг олиб ташлангани сабаб, мана, табиий газ таъминоти яна қайта тикланди. Бундан ташқари, ‘Тожикент’ маҳалласида ҳам учта ката сўрғич қўйилган. Шу ҳам бартараф этилса, ҳам табиий газ, ҳам электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланади, деб ўйлаймиз», — дейди қоракўллик фуқаро Гулзода Неъматова.

Муаллиф:Лайло Ҳайитова