Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Режиссёр Рустам Саъдиевнинг «Йиғламагин» фильми 2009 йилнинг энг омадли картиналаридан бири бўлган. Ота-онасидан эрта етим қолган Бибисора ва Ботирнинг аянчли тақдири ҳақидаги фильм болалар нигоҳи орқали жамиятдаги катта камчиликларни кўрсатади.

Фото: Instagram / @mirafzal_mirakbarovich

Фото: Instagram / @mirafzal_mirakbarovich

Фильмда Ботир ертўлаларнинг бирида яшовчи тенгдоши Мурод билан танишиб қолади. Аслида болалар уйининг тарбияланувчиси бўлган Мурод Бибисора ва Ботирга «ҳаёт илмидан» сабоқ беришга уринади.

Журналист Наргиза Муродова фильмнинг асосий қаҳрамонларидан бири Мурод ролини ижро этган Мирафзал Шофайзиев билан ролининг яралиши қандай кечганлиги билан қизиқди.

Кинога қадамим «Келгинди куёв»дан бошланган

Оиламда санъаткорлар йўқ, аммо уйимиз собиқ «Киночилар уйи»га яқин бўлгани учун кастингларда иштирок этишга қизиқардим.

2004 йили «Келгинди куёв» фильми учун ўтказилган кастингда иштирок этганман. Бир неча ойдан сўнг «Киночилар уйи» ҳовлисида тасодифан Рустам Саъдиев билан учрашиб қолдим. «Сени изладим, қолдирган телефон рақаминг ишламас экан», деди. Шундан кейин фильмнинг сўнгги саҳналарида кичик ролни ижро этдим. Орадан тўрт йил ўтиб эса «Йиғламагин» фильмига таклиф этишди.

Фото: Instagram / @mirafzal_mirakbarovich

Фото: Instagram / @mirafzal_mirakbarovich

«Йиғламагин»да рол ижро этишга қийналмаганман

Режиссёр болалар психологиясини яхши тушунгани учун суратга олиш жараёнида қийналмаганмиз, аксинча мароқ билан ишлаганмиз. Аммо ўша йили Тошкентда умуман қор ёғмаган. Шу боис, қор саҳналари Ангреннинг тоғли ҳудудда суратга олинишига тўғри келган.

Фото: Instagram / @mirafzal_mirakbarovich

Фото: Instagram / @mirafzal_mirakbarovich

«Фильм экран юзини кўргач, томошабинлардан бири мени асраб олмоқчи бўлган»

Фильм катта экранларга чиққач, машҳур кўрсатувлардан бири ижодий гуруҳни интервьюга чақирган. Шунда Рустам Саъдиев «Йиғлаб бергин», деганди. Назаримда, бу топшириқ актёрлик маҳоратимни кўрсатиш учун берилганди. Кўрсатув эфирга кетгач, Андижонда бир киши келиб мени 22-сонли меҳрибонлик уйидан излаган. Ҳатто «Муродни асраб олмоқчиман», деган экан. Раҳбарият режиссёр билан боғланган. Хуллас, у инсонга ота-онам борлиги ва фақатгина фильмда етим бола ролини ижро этганимни айтишган. У инсон «Фильмни кўргандан кейин бу бола ҳаёлимдан кетмади, фарзандимдек катта қиламан», деб ният қилгандим, деган экан.

Фото: Instagram / @mirafzal_mirakbarovich

Фото: Instagram / @mirafzal_mirakbarovich

«Оёғим синиб, бир йил тўшакка михланиб қолганман»

Фильм намойишидан сўнг бир йил тўшакка михланиб қолдим. Айнан туғилган кунимда йиқилиб, оёғим синди. Афсуски, унинг битиши ниҳоятда қийин кечди. Оёққа турганимда эса анчагина тўлишганимни сездим. «Йиғламагин»дан сўнг «Эътиқод» ва «Осий банда» фильми ва бир қатор клипларда суратга тушдим. Кейинчалик ўзимни актёрлик соҳасида эмас, режиссёрликда кўролдим. Шу боис ҳозирги кунда клиплар суратга олиш билан бандман.

Маълумот учун, Мирафзал Шофайзиев 1996 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат маданият коллежининг «Телевидение режиссёрлиги» бўлимида таҳсил олган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Грета Тунберг тўртинчи бор тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод бўлди
Маҳаллий
Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига янги раҳбар тайинланди
Дунё
Совуқ урушни расман якунлаган Буш ва Ельцин, Францияга қочиб кетган машҳур режиссёр — Роман Полански ва “Буюк голланд тошқини”. Кун хронологиясида 1 февраль