Амалдаги АҚШ президенти Дональд Трамп Американинг йирик ОАВлари томонидан президент сайлови ғолиб деб аталаётган демократ Жо Байденнинг инаугурациясига қатнашмаслиги мумкин, деб ёзади «РБК».

Фото: Getty Images

Axios нашри ўз манбасига таяниб хабар қилишича, Трамп телетомошабинлар учун ўз президентлигининг «буюк финали»ни уюштиришни режалаштирмоқда: у Вашингтонда янги давлат раҳбарини олқишламоқчи эмас.

Бунинг ўрнига, Трамп 20 январь — Байден президент лавозимига киришадиган куни Оқ уйни вертолётда тарк этиб, сўнг Air Force One (АҚШда бортида давлат раҳбари бўлган ҳар қандай самолёт шундай аталади) самолётида Флоридага жўнаб кетишни ва у ерда Байденга қарши митингда нутқ сўзлашни мўлжалламоқда.

Шу тариқа, Трамп телетомошабинлар эътиборини ўз рақибининг президент лавозимига киришишига бағишланган маросимдан чалғитмоқчи, деб ёзади Axios. Флоридада Трамп 2024 йилги сайловларда қатнашиш ниятини эълон қилиши мумкин.

Оқ уй расмий вакили Жадд Дир Axios нашрига аноним манбаларга ишониш керак эмаслигини айтди. «Президентнинг режаларидан хабардор эканлигини даъво қилаётган аноним манбалар аслида улар ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас. Президент Трамп 20 январга тааллуқли режалар тузса, улар ҳақида ўзи сизга хабар беради», — деди Дир.

Дональд Трамп 3 ноябрда бўлиб ўтган сайловларда мағлуб бўлганини тан олмай, сайлов натижалари қалбакилаштирилганини даъво қилмоқда. У баъзи муҳим штатларда овоз бериш якунлари қайта кўриб чиқилишини талаб қилиб, бунинг учун 9 миллион доллар ҳам сарфлади. Аммо бюллетенларнинг қайта санаб чиқилиши Байденнинг ғалабасини кўрсатди. Судлар ҳам амалдаги президент жамоасининг овоз бериш ва бюллетенларни ҳисоблаш жараёнидаги қонун бузилишлари ҳақидаги даъволарини рад этди.

Декабрь бошида Трамп сайловлар ҳалол бўлган тақдирдагина мағлубиятини тан олишини билдирганди. «Мен сайловда мағлуб бўлишга қарши эмас, лекин у адолатли бўлишини хоҳлайман. Истамайдиган нарсам шуки, сайловлар Америка халқидан ўғирлаб олинмасин», — деди Трамп.

Кейинроқ АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп 2024 йилда давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиши мумкинлигини билдирди.