Мана 2020 йилнинг энг сўнгги ойи ҳам бошланди. Time журналининг эътирофлари, Хитойнинг навбатдаги муваффақияти, Атамбаевнинг кейинги тақдири ва доимгидек коронавирус янгиликлари билан декабрь ойининг илк ҳафтасидаги қисқача дайжестимизда танишинг.
Йил боласи ва энг ёмон йил
Шубҳасиз, бу йил жуда оғир келди ва кўплаб таранг вазиятларга бой ўтди. Коронавирус пандемияси энг кулминацион нуқта бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Шу сабабли ҳам Американинг Time журнали 2020 йилни тарихдаги энг ёмон йил деб эътироф этди ва ўз муқовасига иккита қизил чизиқ билан чизиб ташланган 2020 рақамини жойлаштирди.Муқовага бағишланган мақолада журналда фаолият олиб борувчи кинотанқидчи Стефани Захарек ёзишича, жаҳон тарихида бундан ҳам ёмонроқ йиллар бўлган. Аммо бугунги кунда яшаётган одамларнинг аксарияти 2020 йилни ҳеч нарса билан солиштира олмайди.
«Биринчи жаҳон уруши вайронагарчиликлари ва 1918 йилги грипп пандемиясини эслаш учун 100 ёшдан ошган бўлишингиз; Буюк депрессия оқибатидаги муҳтожликлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун тахминан 90 ёшда бўлишингиз; Иккинчи жаҳон уруши ва унинг даҳшатлари ҳақидаги хотираларга эга бўлиш учун эса тахминан 80 ёшда бўлишингиз керак», дейилади мақолада.
Қолган барча одамлар ҳаётида, Захарекнинг сўзларига кўра, бундай мисоллар бўлмаган холос. Ўтиб бораётган йилнинг асосий синовлари сифатида кинотанқидчи табиий офатларни, АҚШдаги муаммоли президент сайловларини ҳамда бутун инсоният ҳаётини остин-устун қилган коронавирус пандемиясини тилга олди.
«Агар 2020 йил антиутопия ҳақидаги фильм бўлганида эди, сиз эҳтимол уни 20 дақиқадан кейин ўчириб қўйган бўлардингиз», деб ёзди Захарек.
Шунингдек, Time журнали ўз тарихида биринчи марта «Йил боласи»ни танлаб олди. Бу йўналиш экофаол Грета Тунберг шарофати билан юзага келган эди: у 2019 йилда журнал томонидан «Йил одами» дея эътироф этилган биринчи ўсмирга айланганди. Time унинг тенгдошлари ва ундан кичик бўлганлар учун атайлаб янги йўналишни жорий этишга қарор қилди.
Time талқини бўйича илк «Йил боласи» Гитанжали Рао исмли 15 ёшли колорадолик қиз бўлди. Қизча кибербуллинг (интернет орқали камситишлар)га қарши кураш учун сунъий ақлни тадқиқ қилмоқда ҳамда ичимлик сувининг ифлосланганини аниқловчи сенсорларни яратиш устида ишламоқда. Хусусан, у Kindly сервисини ишлаб чиққан бўлиб, интернетда ҳақоратларни таниб олади ва бундай хабарни жўнатиш-жўнатмаслик ҳақида ўйлаб кўриш имконини беради.
«Дунё уни шакллантирувчи одамларга тегишли… Ёшлар бугунги кунда катта таъсирга эга ва улар бу таъсирдан ўз тасаввурларига мос келадиган дунёни шакллантиришда фойдаланмоқда», деб ёзади Time.
Хитой энди Ойда ҳам бор
1 декабрь куни Хитойнинг «Чанъэ-5» космик аппаратининг қўниш модули орбита комплексидан ажралиб, Ой юзасига қўнди ва мамлакат байроғини ўрнатди. Миссиядан асосий мақсад Ойда икки метрга яқин чуқурликда бурғилаш ишларини олиб бориб, тупроқ намунасини йиғишдир. Жами икки килограммча намуна йиғиш режалаштирилди. Учиш модули контейнер ичига жойлаштирилган тупроқ намуналарини орбита аппаратига элтади, шундан сўнг капсула у билан бирга Ерга қайтиши лозим.Бу муваффақиятли ўтса, Хитой буни амалга оширган дунёдаги тўртинчи мамлакат бўлади. Бундан ташқари, Хитой сўнгги 44 йилдан буён Ой юзасидан тупроқ намуналарини олиб келган биринчи давлатга айланади. 1969—1976 йиллар давомида АҚШ ва СССР Ерга бир неча бор Ойдан тупроқ намунасини олиб келган эди.
2019 йилнинг апрелида Хитой бошқа кўплаб мамлакатлар қатори, Ойга ўз одамини қўндириш имкониятини кўриб чиқаётгани маълум бўлганди. Май ойида эса «Юйту-2» луноходи Ойнинг орқа томонида Ой мантиясининг икки хил жинсларини топган эди.
Атамбаев озодми?
Қирғизистон Олий суди «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод қилиниши билан боғлиқ иш юзасидан иккита инстанция томонидан чиқарилган ҳукмларни бекор қилди.Асосий айбланувчиси Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев бўлган иш Бишкек шаҳрининг Биринчи май тумани судига қайтадан кўриб чиқиш учун жўнатилди. Атамбаевга нисбатан 2020 йилнинг 23 май куни юқори нуфузга эга жиноятчини озод қилганлик учун 11 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди. Август ойида эса Бишкек шаҳар суди ҳайъати бу ҳукмни тасдиқлади.
2006 йилда «қонундаги ўғри» Азиз Батукаев Бишкек атрофидаги жазони ижро этиш муассасаларидан бирида оммавий тартибсизликлар уюштиргани учун 16 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Тартибсизлик вақтида депутат Тиничбек Акматбаев, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Пўлатов ва икки нафар парламент ходими ўлдирилди.
2013 йилда Батукаев тиббий комиссиянинг унга қўйилган сўнгги даражадаги қон саратони ташхиси асосида қамоқдан озод қилинди. Шундан сўнг у дарҳол мамлакатни тарк этди ва ўзининг тарихий ватани Чеченистонга кетди. Кўп ўтмай тиббий ҳужжатларнинг қалбаки экани маълум бўлди, бироқ Қирғизистон расмийлари Батукаевни орқага қайтаришга муваффақ бўлмади.
Алмазбек Атамбаев 2020 йилнинг июнь ойида 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. У Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида сақланаётган эди. Бишкекда 5 октябрдан 6 октябрга ўтар кечаси юз берган тартибсизликлар чоғида Атамбаев озод қилинди. У 9 октябрь куни Бишкекдаги намойишлар бўлаётган марказий майдонга чиқди, 10 октябрь куни эса тартибсизликлар ташкил қилиш айби билан яна қўлга олинганди. Шундан сўнг Атамбаев Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига жойлаштирилгани ва у ерда очлик эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.
Ҳозирча Атамбаевнинг кейинги тақдири номаълум.
Германияда даҳшатли жиноят
1 декабрь куни Германиянинг Трир шаҳрида автомобиль пиёдалар йўлагида оломон устига бостириб борди. Полициянинг қайд этишича, 51 ёшли ҳайдовчи маст ҳолатда бўлган ҳамда ғазаби ёки тажовузкорлиги тутиб қолган пайтида одамларни босиб кетди. У руҳий хаста бўлиши мумкин. Ҳайдовчи қўлга олинди. Ҳодиса натижасида беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий полиция хабар берди.«Беш киши, шу жумладан, бир нафар ёш бола ҳалок бўлганини тасдиқлай оламиз», дейилади маҳаллий полициянинг Twitter’да берган хабарида. Яна бир неча киши жароҳат олди.
Германия Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Штеффан Зайберт маълум қилишича, ҳукумат «ҳодисадан ҳаяжонга тушди». Канцлер Ангела Меркель минтақа ҳукумати билан алоқада эканини билдирди.
Коронаинфо ва вакцинация
Роппа-роса бир йил олдин Хитойнинг Вухан провинциясида тарқалган коронавирус бугунга келиб бутун дунёни қамраб олгани ҳеч кимга сир эмас. Касаллик билан боғлиқ ҳолатларни онлайн кузатиб борадиган covidvisualizer.com сайти маълумотларига кўра, айни дамда бутун дунёда касалликни юқтириб олганлар сони 67 миллион кишидан ошди. 4 декабрь куни 65 миллион, 5 декабрь куни эса 66 миллиондан ошгани хабар қилинди. Шунингдек, мазкур ҳафтада касалликдан вафот этганлар сони 1,5 миллиондан ошиб кетди.Коронавирусни юқтириб олганлар сони бўйича етакчилик қилаётган мамлакатлар қуйидагилар:
- АҚШ — 15 миллион;
- Ҳиндистон — 9,6 миллион;
- Бразилия — 6,5 миллион;
- Россия — 2,41 миллион;
- Франция — 2,32 миллион.
Аввалроқ Pfizer ва BioNTech ўзининг BNТ1622б вакцинаси тадқиқотларининг учинчи босқичи якунлари бўйича 95 фоиз самарадорлик кўрсатганини маълум қилганди. Таққослаш учун: Россиянинг «Спутник V» вакцинаси самарадорлиги ўз ишлаб чиқувчилари томонидан 92 фоизга, Америка Moderna компанияси вакцинаси 94,1 фоизга, AstraZeneca компанияси вакцинаси 70 фоизга баҳоланган эди.
2 декабрь куни Буюк Британия дунёда биринчи бўлиб Pfizer’нинг коронавирусга қарши вакцинасидан фойдаланишини айтди. 4 декабрь куни эса Баҳрайн ҳам Pfizer вакцинасидан фойдаланишни маъқуллади. Шунингдек, Pfizer ва BioNTech вакцинани АҚШда ҳамда Евроиттифоқда рўйхатдан ўтказиш учун ариза берди. Буюк Британияда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошланади. Миллий соғлиқни сақлаш хизмати эмлашни 8 декабрдан бошлашни режалаштирмоқда.
Эмлаш биринчи навбатда қариялар уйида яшовчилар ва унинг ходимларида, шунингдек, хавф остида бўлган 80 ёшдан ошган одамларда амалга оширилади. Миллий соғлиқни сақлаш хизмати ижрочи директори Крис Ҳопсоннинг сўзларига кўра, COVID-19 вакцинаси 50 та касалхонага етказилади.
«Вакциналар тўғрисида узоқ кутилган янгиликлар 2021 йилга оптимизм билан қарашимиз мумкинлигини англатади», дея таъкидлади шифокорлар. Уларнинг қўшимча қилишича, ҳеч ким тўлиқ эмлашдан кейин ҳам вирус «йўқ бўлиб кетишини» кутмайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2021 йилнинг биринчи чорагида COVAX механизми орқали ярим миллиард доза коронавирусга қарши вакциналарни тарқатишга умид қилмоқда.
Бу ҳақда ташкилотнинг бош илмий ходими Сумья Сваминатан маълум қилди. «2021 йилнинг биринчи чорагида 500 миллион доза тарқатилишига умид қиламиз», дейди у.
COVAX — бу ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва марказлаштирилган харидларни қўллаб-қувватлаш механизми. Айни вақтида мазкур ташаббусга 180 дан ортиқ давлат қўшилган. Дастур шартларига кўра, юқори даромадли давлатлар сотиб олинган вакциналар ҳақини тўлаб, соҳадаги молиялаштирувчи давлатларга субсидия беради. Режа бўйича ушбу механизм доирасида 2021 йил охирига қадар икки миллиард доза вакцина дунё бўйлаб тенг тақсимланиши керак.
«Бизда турли босқичлардаги 150 га яқин номзод-вакцина бор. Уларнинг 50 га яқини ҳозирда клиник синовлардан ўтмоқда ва сўнгги ҳафталардаги кузатувларга кўра, камида 15 таси синовларнинг сўнгги босқичида. Яқин ойлар ичида ҳеч бўлмаганда тўрт турдаги вакцинадан фойдаланиш мумкин бўлади», дейди ЖССТ вакили.
4 декабрь куни Россия томонидан яратилган коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси Ўзбекистонга олиб келинди.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)