Британиялик актёр Дэвид Проуз 85 ёшида оламдан ўтди, деб хабар беради BBC.

Фото: Legion Media

Марҳумнинг агенти Томас Боуингтоннинг сўзларига кўра, Проуз «қисқа давом этган касалликдан сўнг» вафот этган.

«У турли махлуқлар ролини ўйнагани билан танилган бўлса-да, бироқ мен ва у билан ишлаган барча учун ҳақиқий қаҳрамон эди», — дейди Боуингтон.

«Юлдузлар жанги» фильмида Люк Скаюyокер ролини ижро этган Марк Хемилл собиқ ҳамкасбининг вафотидан чуқур қайғуда эканлигини билдирган.

«У меҳрибон инсон эди, у Дарт Вейдер образидан кўра, буюкроқ эди. Актёр, турмуш ўртоқ, ота, Британия империяси Ордени кавалери, оғир атлетика бўйича уч карра Буюк Британия чемпиони ва Яшил Хоч кодекси Инсони эди. Уни мухлислар қанчалик яхши кўрса, у ҳам шунчалик уларни яхши кўрарди», — деб ёзади Хемилл Twitter’даги саҳифасига.

Дэвид Проузнинг актёрлик карьераси 50 йилдан ортиқ давом этган, бироқ унга «Юлдузлар жанги»нинг оригинал трилогиясидаги (1977—1983 йиллар) Дарт Вейдер роли машҳурлик олиб келган.

Фото: Legion Media

Шунингдек, Проуз Чубакка ролида ҳам ўзини синаб кўрган, бироқ у натижада франшизанинг асосий салбий қаҳрамонига айланган.

Проуз актёр сифатида ўзининг биринчи ролини Ян Флемингнинг Жеймс Бонд романи асосида 1967 йилда суратга олинган «Казино-Рояль»да, Франкенштейн махлуқи сифатида ижро этган. Шунингдек, актёр Стенли Кубрикнинг «Мурватли апельсин», «Доктор Кто» сериалида, «Вамирлар цирки», «Франкенштейн ва дўзахдан келган махлуқ» каби қатор фильмларда роль ўйнаган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг майида «Юлдузлар жанги» фильмида Чубакка ролини ижро этган Питер Мейхю 74 ёшида вафот этганди.