Америка ОАВлари томонидан сайловлар ғолиби деб эълон қилинаётган АҚШ президентлигига номзод Жо Байден уни сайланган президент деб тан олмаётган Дональд Трамп маъмуриятига қарши суд даъвоси берилишини истисно қилмади. Бу ҳақда Байден Делавер штатидаги матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: Getty Images

Журналистлар демократдан Трамп маъмурияти ва Умумий хизматлар бошқармаси (ГСА, ҳокимиятнинг янги президентга расмий тарзда топширилишига рухсат бериши керак) устидан судга даъво берилиши эҳтимоли ҳақида сўради. «Биз буни истисно қилмаймиз», — деди Байден. Шу билан бирга, у судлашиш кўп вақт олишини, шу сабабли унинг жамоаси республикачи конгрессмен ва сенаторлар билан, шунингдек, штатлар губернаторлари билан ҳамкорликка умид қилаётганини таъкидлади.

Бундан ташқари, демократ Трампнинг сайловлардаги мағлубиятини тан олишдан бош тортиши масъулиятсизлик ҳисобланишини айтди. «Бундан мақсад нималигини билмайман, лекин бу мутлақо масъулиятсизлик», — деди Байден.

Аввалроқ Байден амалдаги АҚШ президенти Дональд Трамп ваколатларни топширишдан бош тортса, янада кўпроқ ўлимлар келиб чиқиши ҳақида айтган эди. Унинг сўзларига кўра, агар ҳокимият топширилишини 20 январгача кутадиган бўлса, АҚШ яна бир ярим ой йўқотади. «Координация ҳозир ёки иложи борича тезроқ бўлиши муҳимдир», — деди Байден.

Шундан кейин демократ конгрессменлар Адам Шифф ва Эрик Суолуэлл АҚШ умумий хизматлар бошқармаси раҳбари Эмили Мёрфини Байденнинг ғалабасини тан олишни кечиктириш орқали одамларнинг ҳаётини хавф остига қўйишда айблади. «Агар идора Байденнинг ғалабасини тан олса, ҳокимиятни топшириш жараёни бошланади. Бу Байденнинг коронавирус пандемиясига қарши курашга тайёрланиши учун зарурдир», — деди Суолуэлл.

Кейинроқ АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги АҚШ умумий хизматлар бошқармаси демократлардан номзод Жо Байденнинг президент сайловларидаги ғалабаси ҳақида расман маълум қилмагунича унинг жамоаси билан ишлашдан бош тортди. «АҚШ умумий хизматлар бошқармаси қарор қабул қилганидан кейин ваколатларнинг тўлиқ, биргаликда ва профессионал тарзда топширилишини таъминлашимизни аниқ-равшан айтдик. Биз йўриқномага амал қиламиз», — деди вазирлик раҳбари Алекс Азар.

АҚШда президентлик сайлови 2020 йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтди, овозлар бир неча кун давомида ҳисоблаб чиқилди, 7 ноябрь куни АҚШнинг йирик ОАВлари сайловда Байден ғалаба қозонганини маълум қилди. Дональд Трамп эса мағлубиятни тан олмади. У сайловлар қонунбузарликлар билан ўтган деган фикрда, шунингдек, сайловларда мамлакат конституцияси бузилганини айтган.