Тошкент метрополитени унитар корхонаси метрода йўловчи ташиш ҳажми сезиларли даражада ошганини маълум қилиб, фуқароларга эслатма билан чиқди.
Таъкидланишича, об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда пойтахт йўлларида транспортда ҳаракатланиш тезлигининг чекланганлиги сабабли метрода йўловчилар ташиш ҳажми сезиларли даражада ошган.
«Барчангиздан иложи борича ижтимоий масофа сақлашни, бир-бирингизни ҳурмат қилишингизни, ниқобларни ечмасликни ва чиптахоналарда тарқатилаётган ҳимоя қўлқоплардан фойдаланишингизни илтимос қиламиз», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ва йўловчилар саломатлигини асраш мақсадида 19 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш тартиби жорий этилди, мазкур шахсий ҳимоя воситалари йўловчиларга бепул тарқатилмоқда.
Аввалроқ Тошкентдан қатнайдиган шаҳарлараро автобуслар қатнови ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бекор қилингани, пойтахтнинг ўзида эса автобуслар сони оширилаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)