Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган Каттақўрғон шаҳри ҳамда Ургут туманларидаги COVID марказлари ёпилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Ушбу шаҳар ва туманларда ташкил этилган 200 ҳамда 500 ўринли тақсимлаш ва даволаш марказларида минглаб беморлар ушбу вирусдан даволаниб, соғлиғини мустаҳкамлаб олган. Айни пайтда касаллик аниқланиши пасайган шу кунларда ушбу тақсимлаш марказига келувчи беморлар сони ҳам кескин камайган. Шу муносабат билан Каттақўрғон шаҳри ва Ургут туманидаги коронавирусни аниқлаш ва даволаш учун мўлжалланган марказлар ўз фаолиятини тўхтатган.

Айни пайтда Самарқанд шаҳрида жойлашган тақсимлаш марказида ҳам беморлар сони кескин камайган. Маълумотларга кўра, у ерда 200 нафардан зиёд вирусга гумон қилинган беморлар даволанмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йилнинг ёзида коронавирус тарқалиши тезлашгани сабабли ҳудудларда касалликка чалинган ва гумонланган беморларни саралаш ва тақсимлаш марказлари ташкил қилинганди. Шунингдек, Тошкентда 74 та кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиника аҳолига кун-у тун хизмат кўрсатиш тизимига ўтказилганди. Ўзбекистонда COVID-19’га ажратилган койкаларнинг 62 фоизи бўшлиги сабаб, президент Шавкат Мирзиёев «улкан маблағлар бекорга сарф бўлмаслиги» учун оптимизация ҳақида топшириқ берганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар