Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Президент Шавкат Мирзиёев суд қарорлари ижросини таъминлаш масалалари юзасидан 17 ноябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Мамлакат раҳбарининг таъкидлашича, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва мансабдор шахслар ҳафтада камида икки кун ҳудуддаги пандемияга оид ҳолат билан алоҳида шуғулланиб, штаб йиғилиши ўтказиши, мунтазам равишда Республика махсус комиссиясига шахсан ҳисобот бериши лозим.

«Одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун кенг кўламли чораларни қабул қилдик. Европада, катта-катта қўшниларимизда нима бўляпти? Шунинг учун ҳар бир вилоят ҳокимининг ўзи коронавирус масаласи билан шуғулланиб, Президентга таҳлил ёзасизлар», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Қатор Европа давлатлари эпидемиологик вазият ёмонлашгач, карантин чораларини кучайтирди. Австрияда эпидемиянинг иккинчи тўлқини сабаб 17 ноябрдан 6 декабрга қадар мактаблар ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконлар ёпилади. Франция ҳукумати 1 декабрга қадар умуммиллий карантин эълон қилди. Германияда 2 ноябрдан ой охирига қадар енгиллаштирилган тартибдаги локдаун амалда.

Президент иштирокида ўтказилган йиғилишда қайд этилишича, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 70 мингдан ошган, қарийб 68 минг бемор соғайган (96 фоиз), 600 га яқин одам вафот этган (0,9 фоиз).

Мамлакат раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистонда коронавирус оқибатида содир бўлган ўлим ҳолати «барибир юқори».

«Агарда шуни маҳкам ушлаганимизда, тажрибамиз бўлганида эди, тиббиётимиз тажриба орттириб, ўз вақтида чора-тадбирлар кўрганида бундай ўлимлар бўлмаган бўларди. Албатта, бошқаларга нисбатан камроқ, лекин ҳар бир фуқаромизнинг ўлими ҳам биз учун жуда катта йўқотиш. Қариндошларимиз, қўшниларимиз ва биродарларимизнинг кўпини йўқотдик», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ «Gazeta.uz» нашри Давлат статистика қўмитаси тақдим этган маълумотларга асосланиб, коронавирус пандемияси сабабли Ўзбекистонда июль ойида ўлимлар сони 26,4 фоизга, Тошкент шаҳрида 2,6 баробарга кўпайгани ҳақида ёзган эди. Ўлим ҳолатлари сони ошишига айнан нима сабаб бўлгани ҳақидаги сўровга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳали ҳам жавоб бермаган.

Бундан ташқари, Давлат статистика қўмитаси сўнгги йилларда биринчи марта йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунларига кўра Ўзбекистондаги демографик вазиятга доир ахборотномасига ўлим статистикани киритмади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар