Тошкент шаҳридаги давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар буюртмачиси, Тошкент шаҳри ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси шаҳардаги йирик қурилиш объектларини тажрибасиз хусусий қурилиш компанияларига тендерсиз топшираётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Telegram’даги «Давлетовуз» канали хабар берган.

Фото: «Дарё»

Telegram канал муаллифи очиқ манбаларга таяниб ушбу компания томонидан Тошкентда турли иншоотларни қуриш, инфратузилма ва коммунал тармоқлар, йўл, коммунал тармоқлар барпо этиш, таъмирлаш каби буюртмалар тўғридан-тўғри, асосан ҳукумат ҳужжатлари билан хусусий компанияларга тақдим этилгани ҳақида ёзган.

Постга илова қилиб келтирилган жадвалда давлат харидлари порталида жойлаштирилган, шартнома қиймати қарийб 1,5 триллион сўмлик буюртмалар қайси компанияларга берилгани ҳақида маълумот тақдим этилган.

Хусусан, Power Construction Planet МЧЖ (аввалги номи Discovery Invest) компанияси (компаниянинг 66,9 фоиз улушига муқаддам Akfa Engineering Managment компаниясида директор ўринбосари ва директор лавозимларида ишлаган Исмоил Исроилов эгалик қилади) билан Архитектура институтининг учта биносини қуриш учун жами 167 миллиард сўмлик, Давлат солиқ қўмитаси биносини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 35,6 миллиард сўмлик, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Мирзо Улуғбек тумани бўлими биносини қуриш ва жиҳозлаш учун 17,9 миллиард сўмлик, Рақамли Тошкент ситуацион марказини қуриш учун 100,2 миллиард сўмлик, Зангиота туманида ихтисослаштирилган 2160 ўринли карантин зонасини қуриш учун 39,2 миллиард сўмлик шартномалар тузилган.

Фото: Telegram / Давлетовуз

2020 йилнинг майига қадар Исмоил Исроилов 40 фоизлик улушига эгалик қилган, ҳозирда 82,40 фоиз улуши Нодиржон Асатовга тегишли бўлган ECO HOUSE-GROUP МЧЖ (аввалги номи Whitecity Construction) билан Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университети бино ва иншоотларини қуриш ҳамда таъмирлаш учун 357,6 миллиард сўмлик, Сергели тумани Ўзар кўчасида қурилаётган 46 та кўп квартирали уйларнинг ички муҳандислик тармоқларини қуриш ва ҳудудларни ободонлаштириш учун 22,7 миллиард сўмлик, Талабалар шаҳарчасида ОТМ ўқитувчи, илмий ходимлари учун 6 та кўп қаватли уйларнинг ички муҳандислик тармоқларини қуриш ва ҳудудни ободонлаштириш учун 6,4 миллиард сўмлик шартномалар имзоланган.

Суммалар асосан шартнома қийматига тааллуқли бўлиб, якуний миқдори бажарилган ишлар бўйича кўп ёки кам бўлиши ҳам мумкин.

«Айрим шартномаларда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли ҳам кўринади, буёғи энди мутасадди идораларнинг иши. Аксарият компаниялар сўнгги 2-3 йилда ташкил топган. Шундай бўлса-да, йирик-йирик объектлар уларга тендерсиз ишониб топширилган. Маблағлар асосан республика бюджети, шаҳарнинг режадан ошган қисмидан жалб қилиниши белгиланган», – дейилган Telegram каналда эълон қилинган постда.

Аввал Тошкент ҳокимлиги қарзлар бозорига кириб, 500 миллион долларлик еврооблигацияларни жойлаштиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.