Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда коронавирусга оид статистикани яширмасликка чақирди. Бу ҳақда 16 ноябрь куни ҳукумат аъзолари, қатор давлат органлари раҳбарлари, шаҳар ва вилоят ҳокимлари билан ўтказилган йиғилишда сўз борган.

Фото: «Akorda.kz»

Фото: «Akorda.kz»

«Инфекцияга чалинганларнинг максимал ҳисоби — бу вирусга қарши курашнинг мутлақо талаби», — дейди Қозоғистон раҳбари. Унинг маълум қилишича, мамлакатнинг қатор вилоятларида коронавирус билан касалланиш фактлари яширилгани аниқланган.

«Ўзимиз хоҳлаган нарсамизни ҳақиқат дея талқин қилиш — жуда хавфли эканлигини тушунишимиз керак, чунки у ҳақиқий хавф борасидаги тасаввурни бузиб кўрсатади, шунингдек, бутун мамлакат кўлами бўйлаб коронавирус инфекциясига қарши кураш стратегиясига зид. Вазият тўғри баҳоланмаяпти, керакли чоралар охиригача амалга оширилмаган, фуқаролар орасида эпидемиологик хавфдан огоҳлик тушиб кетяпти. Бу эндиликда шу каби тенденция кузатилаётган дунёнинг кўплаб давлатларида аксиёмага айланди. Тан олиш керакки, мазкур муаммо бизнинг соғлиқни сақлаш тизимимизда ҳам сурункали характерга айланди», — дейди Тўқаев.

Қозоғистон президенти Соғлиқни сақлаш вазирлигига Миллий статистика бюроси билан биргаликда тиббий статистикани шакллантириш, баҳолаш ва таҳлил қилиш бўйича комплекс ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган.

Мамлакат раҳбари, шунингдек, тиббиёт ташкилотларининг етарли даражада тайёр эмаслигини таъкидлаган: «Касалхоналарни тўлиқ ҳимоялаш ишлари амалга оширилмаган, шу сабабли бемор ва шифокорларнинг касалланиш хавфи сақланиб қолмоқда. Деярли барча ҳудудларда реанимация бўлинмалари тўлиқ жиҳозланмагани кузатилмоқда. Хусусан, коронавирус инфекциясига чалинган оғир беморларни даволашда керак бўладиган алоҳида дори ва тиббиёт воситаларининг етишмовчилиги кузатилмоқда. Вилоятлар ўзидан келиб чиқиб дори воситаларини харид қилмоқда, мавжуд даволаш протоколларини инобатга олмаяпти».

Қозоғистон президенти давлат коронавирусга қарши курашга жалб этилган тиббиёт ходимларига устама пулларини тўлашни давом этишини маълум қилган. Шунингдек, у ҳукуматга «коррупция урчиган барча потенциал ҳудудларни қаттиқ назорат остига олиш» бўйича топшириқ берган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида ҳам Қозоғистон президенти пандемияга оид статистикани яширмасликка чақирганди. Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 121 минг кишидан ошган, 1952 нафар бермор COVID-19 қурбонига айланган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар